Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бажарилишига эътибор қаратилмоқда.

– Ўтган йиллар мобайнида шаҳар ва туман бўлимларига алимент билан боғлиқ 17 минг 880 та ижро ҳужжати келиб тушган бўлиб, шундан 5 мингта ҳужжатнинг ижроси амалда таъминланган, – дейди  бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси катта инспектори Алибек Қуанишов. – Бугунги кунда жами 12 мингдан зиёд алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракати амалга оширилиб, алимент олувчиларнинг номига “Алоқабанк”дан очилган маҳсус пластик карталарига ундириб берилмоқда. Айрим шахсларнинг алимент тўлашга эътиборсизлиги ёки ишсизлиги, даромад топишга интилмаслиги ижро ҳужжатларининг бажарилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шунинг учун ҳам бюро ходимлари фақат алимент тўловини мажбурий ундиришга эмас, балки қарздорларни иш билан таъминлаш учун шароит яратишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўтган йили 2 минг 115 нафар алимент тўловчи доимий иш билан таъминланган бўлса, 3 минг 78 оилани яраштиришга эришилди. Алимент тўлашдан бош тортган 400 нафардан зиёд қарздор, давлат ижрочилари талабини бажармасдан қаршилик кўрсатган 629 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тасдиқланган режа асосида барча шаҳар ва туманларда меҳнат ярмаркаси ташкил этилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА