Жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг ташрифи доирасида Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Бахит Торобоев ҳамда иқтисодиёт ва савдо вазири Дониёр Амангелдиев билан учрашди.

Мулоқотда ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари томонлар диққат марказида бўлди. Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Бахит Торобоев билан суҳбат чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига бўлажак давлат ташрифининг аҳамияти таъкидланди.

Ташриф икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга кучли туртки бериши кутилмоқда. Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказишга тайёргарлик кўриш ишлари кўриб чиқилгани айтилмоқда.

Томонлар форум давомида имзоланиши режалаштирилган инвестиция битимлари ва савдо шартномалари рўйхатини синхронлаштирдилар. Кимё ва тўқимачилик саноати, машинасозлик, фармацевтика, чарм-поябзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, электротехника, шунингдек, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика ва туризм каби соҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бораётгани таъкидланди. Сўнгги 6 йил ичида икки томонлама савдо 8 баробар ошиб, 2022 йилда 1,3 миллиард долларга етди. Яқин келажакда ушбу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш бўйича қатор аниқ амалий чоралар кўришга тайёрлик билдирилди.

Қирғизистон Республикаси иқтисодиёт ва савдо вазири Дониёр Амангелдиев билан учрашувда тижорат автомобиллари ва енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, йигирув ва тўқимачилик корхоналарини қуриш ва кенгайтириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Тадбиркорларга тегишли шартнома ва битимлар тузишда кўмаклашиш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида, яъни икки давлат ҳудудларида интенсив боғлар ва юқори технологияли иссиқхоналар барпо этишга қаратилган инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга оширишга келишиб олдилар. Шу мақсадда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жойлари, шунингдек, икки давлат хусусий корхоналари орқали ташаббускорлар бир ҳафта муддатда белгиланади. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасини тайёрлаш масаласи алоҳида кўриб чиқилди. Лойиҳанинг ҳар бир босқичини амалга оширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган “Йўл харитаси”ни имзолаш бўйича келишувга эришилди.

Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишни назарда тутган ҳолда энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Тегишли ҳужжатларни қабул қилишни тезлаштириш ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Учрашувлар якунида томонлар муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида келгусидаги ҳамкорлик форматини келишиб олдилар.