Юртимиз хўжалик маҳсулотлари ичида энг арзони ҳисобланган пиёзнинг нархи негадир кескин ошиб кетди. Бу ўринда ҳар ким ўз тахминлари ва қўштирноқ ичидаги «башорат»ларини илгари сура бошлади.

Кимдир «аномал совуқдан пиёзлар совқотиб қолибди», деса, кимдир хорижга аввалгидан кўпроқ экспорт бўлаётгани» ички нархларга таъсир этмоқда, деди.

Аввало, таъкидлаш жоизки, бу фақат Ўзбекистонгагина тегишли ҳолат эмас. Дунёнинг барча минтақаларига хос хусусиятга айланиб улгурди.

Ички истеъмол бозори нархини арзонлаштириш, аҳолининг истеъмол талабини қондириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш муҳим масала саналади. Шу мақсадда 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда 4 ойга пиёз экспортига вақтинча чекловлар жорий этилди.

Савол туғилади: аҳолимиз учун қанча пиёз захираси мавжуд ва бугунги вазиятдан келиб чиқиб, яна қанча маҳсулот керак бўлади? 

Ўз ўрнида мутахассисларнинг фикрича, юртимиз ҳудудларида 319 минг тонна пиёз захираси бўлиб, аҳоли истеъмоли талаби доирасида мавжуд захирага 26,5 минг тонна пиёз кераклигини кўрсатмоқда. Ушбу маҳсулотни импорт қилиш бўйича давлатлараро музокаралар олиб борилмоқда.

Шу ўринда яна бир савол: аномал совуқ сабзавотлар нархига таъсир этган бўлса, яқин кунларда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши кутиляпти, шу боис нархлар арзонлашиши мумкинми? 

Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида пиёзнинг улгуржи нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 баробарга қимматлашгани рост. ЎзА жорий йилнинг 20 январь куни республикамиздаги бир нечта бозорлар ҳамда пойтахтнинг «Фарҳод» ва «Эски-Жува деҳқон бозор»ларидаги пиёз нархлари ва бунга аҳолининг муносабатини ўрганди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА, ЎзА