ФОТОРЕПОРТАЖ

Ўзбекистонда қизлар учун STEM-дастур – “Technovation Girls Uzbekistan”  халқаро танлови ўзининг янги мавсумини бошлади.

Дастур Tech4Impact ННТ томонидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги ва Yandex Go онлайн-сервиси билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Technovation Girls – бу қизлар учун халқаро технологик танлов бўлиб, ҳар йили дунёнинг 160 мамлакатида ўтказилади. Танлов қизларга “мослашувчан” кўникмаларни бериш, уларни IT-технологиялар, бизнес ва IT соҳасидаги тадбиркорликка қизиқтириш мақсадига қаратилган.

12 ҳафталик дастур маркетинг, дастурлаш, бизнес-кўникмалар ва тақдимот кўникмалари бўйича таълим модулларини ўз ичига олган. Қизлар технологиялар ёрдамида ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал қилишни ўрганади ва барқарор ривожланиш мақсадлари билан боғлиқ соҳаларда инновацион мобиль иловаларни яратади.

– Мазкур дастур қизларга ўзларини технологиялар соҳасида синаб кўриш, ўз IT-лойиҳаларини яратиш, креативликни намоён этиш ва етакчилик кўникмаларини ривожлантириш имконини беради, – дейди Tech4Impact ННТ директори Саида Юсупова. – Ўзбекистонда дастур амалга оширилган 6 йил давомида иштирокчиларнинг кўпчилиги карьера ва таълим соҳасида муваффақиятга эришди.

Жорий йилда ҳамкорлик доирасида Yandex Go ва Yandex’нинг бошқа сервислари мутахассислари иштирокчи қизлар билан сунъий интеллект, ишланмалар, маркетинг, бизнес жараёнлар ҳамда креатив индустриялар соҳасидаги билимларини ўртоқлашади. Шунингдек, жамоалар тадбиркорлар, ўқитувчилар, университет талабалари ва IT-мутахассисларидан иборат менторлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланади. Дастур давомида ҳар бир жамоа мобиль илова яратади, лойиҳанинг бизнес-режасини тузади, иловалар ҳақида видео тасвирга олади ҳамда танлов якунида ўз лойиҳасини тақдим этади.

Танловда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш 1 февралга қадар давом этади.

Офлайн тренинг ва семинарлар Тошкент, Нукус ва Фарғона шаҳрида ўтказилади.


Камола Юсупова, Аъло Абдуллаев (сурат) ЎзА