Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев таваллудининг 90 йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказилди.

Хотира кечасида атоқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, болалар шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ориф Тўхташ Худойберди Тўхтабоевнинг машаққатли ижод йўли хусусида батафсил сўз юритди.

– Худойберди Тўхтабоевнинг  ижодига оид викторина ўтказилганда, болалар адиб ижодининг билимдони экани яққол акс этганди, – деди журналист Муҳаббат Ҳамидова. – “Сариқ девни миниб” асаридаги Ҳошимжон яшаган қишлоқ ҳар бир ёш китобхон учун жуда қадрлидир. Уни ўқувчи ўз қишлоғи, деб ўйлайди. Бу эса асарнинг болаларча самимияти, ҳаётийлиги ва таъсирчанлигидан дарак беради. Худойберди Тўхтабоев наинки ўзбек халқининг, балки жаҳон болаларининг ёзувчисидир.

– Устоз ўзлари бола бўлиб ёзар эдилар, – деди адибнинг шогирди Отабек Қувватов. – Негаки, бола бўлиб ёзмасанг, китобхон асардаги воқеликка ишонмайди, дер эдилар. Ҳар бир ўзбек боласига отадек меҳрибон бўлган инсон эдилар. Ўзбекистоннинг қай бурчагига борсангиз, энг яхши ёзувчи ким, деган саволга болалар Худойберди Тўхтабоев, деб жавоб беради.

Маълумотларга кўра, Худойберди Тўхтабоев 1932 йилда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида туғилган. Унинг болалик ва ўсмирлик йиллари уруш даврига тўғри келган. Ота-онадан эрта етим қолган ижодкорнинг изтироблари унинг “Беш болали йигитча” асарида ҳам ўз ифодасини топган. Ёзувчи ўрта мактабни тугатиб, ТошДУ филология факультетининг логика-психология бўлимига ўқишга киради. Талабалик йиллариданоқ бадиий ижодга қизиқади.

Худойберди Тўхтабоев олий ўқув юртини тугатгач, “Тошкент ҳақиқати”, “Қизил Ўзбекистон” рўзномаларида, “Гулистон”, “Гулхан”, “Шарқ юлдузи”, “Ёш куч” журналларида, “Камалак” нашриётида ишлади. “Олтин мерос”  жамғармасига раҳбарлик қилди.

Адиб ижодининг дастлабки давриданок ҳажвга, кулгига мойил ҳикоя тўпламларини, қисса ва романларини яратди. Унинг биринчи ҳикоялар тўплами “Шошқалоқ” 1961 йилда эълон қилинди. Асарлари – “Сеҳрли қалпоқча”, “Сариқ девни миниб”  каби асарлари 24 тилга таржима қилинган. Китобхонлар “Сариқ девнинг ўлими”, “Қасоскорнинг олтин боши”, “Йиллар ва йўллар”, “Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида”, “Мунгли кўзлар”, “Сир очилди”, “Омонбой ва Давронбой саргузашти”, “Жаннати одамлар”, “Шошқалоқ”, “Сўқмоқлар” каби асарлари ҳозиргача севиб мутолаа қилинади. Миллий журналистикамизда Худойберди Тўхтабоев энг ўткир ва долзарб фельетонларнинг муаллифи сифатида ҳам ўзига хос мактаб яратган ижодкор эди.

Худойберди Тўхтабоев Ҳамза номидаги Давлат мукофоти, 1982 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, 1991 йилда Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони билан мукофотланган.


Н.Усмонова, ЎзА