Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тиббиёт тизими раҳбарларининг жамоатчилик олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди.

Унда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров маъруза қилиб, лойиҳанинг мазмуни ҳақида маълумот берди.

Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини тубдан ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш, шу асосда аҳолининг кафолатланган ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳоли саломатлигини тизимли равишда муҳофаза қилиш ишлари янги босқичга олиб чиқилди. Олис ҳудудларда тиббий ёрдамни мақсадли йўналтириш тизимини юқори даражада ташкил этиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг самарадорлигини ошириш, амбулатор ёрдамни янада яхшилаш, шошилинч ва ихтисослашган тиббий ёрдамни ривожлантириш дастурлари қабул қилиниши соҳанинг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам замин яратди.

Аммо ҳозирги давр соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш, бу борадаги ишларни аҳоли ва кенг жамоатчиликка етказишнинг шаффоф механизмини яратиш юзасидан тиббиёт тизими раҳбарларининг жамоатчилик олдида мунтазам ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиб бориш тартибини жорий этишни тақозо этмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ва “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунларга мазкур ҳисоботларни эшитиш тартиб-таомиллари билан боғлиқ ўзгартишлар ва қўшимча киритилмоқда.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА