Ҳар бир озиқ-овқат маҳсулоти техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига асосан сақланишининг муайян талаблари белгиланган.

Яъни, ҳар бир маҳсулот қоида ва нормаларда белгиланган маълум ҳарорат ва ҳавонинг нисбий намлигида сақланиши лозим.

Сўнгги кунларда кескин совуқ тушиши натижасида бозордаги айрим сабзавот ва мевалар музлаб қолган.

Бу маҳсулотлар ўзининг органолептик хусусиятлари – мазаси, таъмини йўқотади ва истеъмолга яроқсиз ҳисобланади. Шунингдек, ушбу маҳсулотларнинг озуқавий қиймати ҳам пасаяди.

Мутахассисларнинг фикрича, улар заҳарланишларга олиб келмайди, лекин барча фойдали хусусиятларини йўқотади. Уларнинг муздан тушгандан кейин сақлаш муддатлари кескин камайиб кетади.

Шунинг учун ҳам, умумий овқатланиш корхоналарига қўйиладиган санитария-гигиена талабларида ҳам корхоналарда муздан эритилган ва қайта музлатилган озиқ-овқат маҳсулотлари, озиқ-овқат хом ашёси ва маҳсулотларини қабул қилишга рухсат этилмаган.

Бугунги кунда Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда деҳқон бозорларида аҳоли учун қулай шароит яратилгани, бозорларнинг санитария-гигиена ҳолати, белгиланган талабларга жавоб бериши бўйича ўрганишлар ўтказилмоқда.

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилиб, тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда.

 

М.Қосимова,  

ЎзА