Ташқи ишлар вазирлигида учрашувлар кети узилмаяпти

2023 йил 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов халқаро ташкилотлар вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда вазирлик сайтида маълумот берилди.

Мамлакатимизга ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад билан бўлиб ўтган учрашувга тўхталсак, мулоқот чоғида Ўзбекистон билан БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

https://cdn3.mfa.uz/2023/01/13/18/54/%D0%9E%D0%9E%D0%9D_Q3sMl-d8wP_normal.jpg

А.Муҳаммад кейинги йилларда Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги мулоқот сезиларли даражада кенгайиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

Томонлар жорий йилда мўлжалланган қўшма тадбирлар жадвали ва ташкилий ишлар, жумладан, Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлик форуми, Жаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессияси ва бошқа анжуманларни ўтказиш тўғрисида гаплашиб олишди.

Афғонистондаги жорий вазиятга алоҳида эътибор қаратилар экан, БМТ вакилларига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон ҳукумати билан томонларнинг мажбуриятларини босқичма-босқич бажариш алгоритмини тайёрлаш ва келишиш учун юқори даражадаги халқаро музокаралар гуруҳини шакллантириш ташаббуси ҳақида маълумот берилди.

Афғонистон муаммосини ҳал этиш, афғон халқига, хусусан, Термиздаги халқаро логистика хаби имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш орқали инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга келишилди.

Шундан сўнг, вазир Франция Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушезни қабул қилди. Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар, туризм, фан, таълим ва бошқа соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилишди.

https://cdn3.mfa.uz/2023/01/13/18/56/%D0%A4%D1%80_kGOXFt5Q-s_normal.jpg

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21-22 ноябрь кунлари Францияга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувларни ҳар томонлама амалга ошириш ўта муҳимлиги қайд этилган.

Ҳудди шундай, Франция элчиси билан ҳам жорий йилга мўлжалланган қўшма тадбирлар жадвали бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

– Музокараларда иқтисодий дипломатия масалалари муҳим ўрин тутди. Томонлар турли йўналишларда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан манфаатдор, – дейилади вазирлик сайтида.

Дастурга кўра, ўша куни Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари Шарлотт Адриан билан музокара ўтказилди.

https://cdn3.mfa.uz/2023/01/13/18/58/%D0%95%D0%A1_gNGhmWlLX8_normal.jpg

Учрашув Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболли йўналишлари, аввал эришилган келишувларнинг амалга оширилиш жараёнини муҳокама қилиш билан бошланган.

Турли даражаларда, жумладан, “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” ва “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” шаклларида ўтказиладиган бўлажак тадбирларнинг ташкилий жиҳатлари хусусида сўз юритилди.

Мулоқот чоғида томонлар туризм, таълим ва экология соҳаларида, хусусан, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканини билдиришди.

Шу тариқа, Б.Саидов иштирокида ташкил этилган учрашувлар томонлар манфаатига бирдек хизмат қилди, вазирликга ташриф буюрган меҳмонлар ташкилий масалаларни юқори баҳолашди.


Б.Худойбердиев, ЎзА