Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимида умумтаълим мактабларида таълим олувчи кам таъминланган оилалар фарзандларига қишки кийим-кечаклар топширилди.

Тадбирда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, секторлар раҳбарлари, Халқ таълими бўлими масъуллари иштирок этиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда  аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди. Жумладан, “Меҳр ҳаракати” доирасида эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур бўлган уй-рўзғор буюмлари, кийим-кечаклар, озиқ-овқат маҳсулотлари берилмоқда. Туманда кам таъминланган оилалар фарзандларининг сифатли ва тизимли таълим олишига амалий ёрдам бериш, моддий жиҳатдан қийналган оилалар фарзандларини қишки кийим билан таъминлаш борасида хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбир якунида туман мактабларида таълим-тарбия олаётган кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларнинг 95 нафар фарзандига “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағи ҳисобидан қишки кийим-кечаклар тарқатилди.


Довуд Абибуллаев, ЎзА