Мамлакат ривожи, халқ фаровонлигини таъминлашда ҳукумат, давлат ташкилотлари билан бирга халқаро ташкилотлар ҳам муносиб ҳисса қўшади. Ҳозирги кунда юртимизда ҳам бир нечта халқаро ташкилотлар фаолият юритмоқда. Америка Қўшма Штатлари Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) улардан бири. USAIDнинг фаолияти нималардан иборат?

Ташклотнинг томонидан амалга оширилган лойиҳалар, мамлакатимиз учун  ажратилган грантлар ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида ЎзА мухбири USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит билан суҳбатлашди.

USAID Ўзбекистонда қандай лойиҳаларни амалга оширмоқда? Улар ҳақида гапириб берсангиз.

– Америка Қўшма Штатлари Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) томонидан кўрсатилаётган ёрдам АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш барқарорлик ва фаровонликни рағбатлантириш орқали Ўзбекистоннинг миллий суверенитети ва иқтисодий мустақиллигини ривожлантиришга қаратилган асосий сиёсат мақсадларини қўллаб-қувватлайди. USAID стратегияси 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясидаги асосий устувор йўналишларни акс эттиради. USAID мамлакатларга грантлар, хайриялар ва техник ёрдам каби турли шаклларда лойиҳалар амалга оширади.

1993 йилдан бери USAID Ўзбекистон иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони ошириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини илгари суриш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ва асосий таълим тизимини модернизация қилиш учун 600 миллион долларга яқин грант ажратди.

Бизнинг яна бир муҳим ёндашувимиз маҳаллий ҳамкорларни – ҳукумат институтлари, фуқаролик жамияти ва хусусий секторлар фаолиятини қўллаб-қувватлашдир. Ҳозирга қадар USAID тўртта асосий сектор бўйича 25 дан ортиқ минтақавий ва икки томонлама дастурларни амалга ошириб келмоқда. Улар иқтисодий ўсиш ва атроф-муҳит, таълим, соғлиқни сақлаш ва демократия ва бошқарув йўналишларидир.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишига кўмаклашиш мақсадида USAID савдони осонлаштириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва минтақада энергия алоқаларини ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни қўллаб-қувватламоқда. Шу ўринда айтиш керак, тадбиркорлик, бизнес кўникмалари ва касбий таълимни ўзида мужассам этган аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун ташкилот  томонидан 3,4 миллион

доллар ажратилмоқда. Масалан, биргина жорий йилнинг ўзида USAID 1500 қишлоқ аёлларини бизнесни ривожлантириш, қонуний ҳуқуқлар, электрон тижорат ва IT технологиялари ҳамда турли касб-ҳунарлар бўйича ўқитди. Қувонарлиси, бу аёлларнинг 500 дан ортиғи аллақачон ишли бўлган.

Шунингдек,USAID мингга яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва қайта ишловчига янги технологиялар ёки бошқарув амалиётини ўзлаштиришда, 3200 фермерга агробизнес фаолиятини бошлаш ёки яхшилашда ёрдам берди.

Шу ўринда, фаолиятимиз асосий йўналишларидан бири бўлган таълим соҳасидаги лойиҳаларга ҳам тўхталиб ўтмоқчиман.  Хусусан, халқ таълими вазирлигининг ислоҳот ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун USAID 55 миллион долларгача маблағ сарфлаш мажбуриятини олди. Бунга USAIDнинг 1-4-синфларда ўқиш ва математикани яхшилаш, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) бўйича таълимни яхшилаш ва инглиз тилини ўқитишни яхшилаш бўйича MOPE ислоҳоти ташаббусларини қўллаб-қувватловчи 29,5 миллион долларлик тўрт йиллик дастури киради. Ўтган йили USAID 13 мактабда чет тилига ўқитиш сифатида инглиз тили бўйича янги ўқув дастурлари ва материалларни синовдан ўтказди. MOPE бу йил миллий миқёсда ушбу ўқув қўлланмасини йўлга қўйгани, USAID томонидан қўллаб-қувватланадиган бутун давлат мактаблари тизими учун – 10 мингдан ортиқ мактабларда тахминан 6,5 миллион ўқувчи ва ўн минглаб ўқитувчилар учун дарсликларни чоп этганидан жуда хурсандмиз.

Шунингдек, USAID яқинда MOPE билан ҳамкорликда 10 миллион долларлик яна бир фаолиятни бошлади. Бу 8-11-синф ўқувчиларини Ўзбекистон иқтисодиётига малакали ходим ёки тадбиркор сифатида кириб бориш учун зарур кўникмалар билан таъминлашга қаратилган лойиҳадир. Бу лойиҳа мактабдаги ва мактабдан кейинги дастурларни ўз ичига олади. У Ўзбекистон иқтисодиётида етарли даражада хизмат кўрсатилмаётган ва кам таъминланган ногиронлиги бўлган ёш аёллар ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

USAID ҳуқуқий ислоҳотларни илгари суришда Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ишлайди. Шунингдек, биз барча учун адолатни таъминлаш ва Ўзбекистон адлия тизимида гендер тенглигини таъминлаш мақсадида Олий суд, Судьялар олий мактаби ва Судьялар олий кенгаши билан ҳамкорлик қиламиз.

Биз доимо гендер ва ёшлар интеграцияси, аёллар, ёшлар ва ногиронларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда тенг иштирок этишини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Қолаверса, инновацияларни фаоллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва иш ўринлари яратиш бўйича хусусий сектор билан ҳамкорликда иш олиб борамиз. Энг асосийси, рақамли трансформацияни тарғиб қиламиз ва ҳукуматнинг “Рақамли Ўзбекистон 2030” стратегиясини қўллаб-қувватлаймиз.

 USAID Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантиришга  қаратилган қандай лойиҳаларни амалга оширмоқда?  

– Қўшма Штатлар IT индустриясининг ривожланиши ҳар бир мамлакат учун муҳим деб ҳисоблайди. АКТ йўналиши иқтисодий ўсишни рағбатлантиради, янги иш ўринларини яратади, экспортни оширади ва шаффофлик, қонун устуворлиги ва тенг имкониятларни мустаҳкамлашнинг мукаммал воситаси ҳисобланади.

Айтиб ўтганимдек, Ўзбекистоннинг рақамли трансформациясини қўллаб-қувватлаш ва ҳукуматнинг “Рақамли Ўзбекистон 2030” стратегияси USAIDнинг барча фаолиятига киритилган. Масалан, USAID ушбу соҳага киришни ёки IT бизнесини очишни хоҳловчи ёш аёлларга IT ва тадбиркорлик бўйича тренинглар ўтказади. IT Park Uzbekiston билан Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёдаги ёш аёллар учун тадбиркорлик имкониятларини яратувчи Tumaris.Tech лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қиламиз.

USAIDЎзбекистоннинг IT -компанияларига Google, Amazon, PayPal, SAP ва Microsoft каби халқаро компаниялар билан алоқа ўрнатишда ёрдам беради.

 Мередит хоним Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?  

Шу ўринда айтиш керак, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари ва Ўзбекистоннинг қўшнилари билан муносабатларни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлари минтақани тубдан ўзгартирди. Амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар сармоявий муҳитни ижобий даражада яхшилади.  Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида ҳам сезиларли ютуқларга эришилди. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқларини қадрлаш, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари учун кўпроқ эркинликлар ва бизнес учун қулай муҳит яратиш борасида самарали ишлар қилинганини кўришимиз мумкин.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати гендер асосидаги зўравонликка қарши курашиш, аёллар ва ёшларни мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётига жалб этиш бўйича муҳим қадамлар қўйди. Давлат раҳбари таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратиб, бунинг самарасида тизимда ижобий ўзгаришлар бўлмоқда.

Халқаро эксперт сифатида Ўзбекистонни янада ривожлантириш учун қандай таклиф ва тавсиялар берасиз?

Президентингизнинг ислоҳотлар дастури кўплаб ижобий ўзгаришларни бошлаб берди, бироқ ҳали қилинадиган ишлар кўп. Фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сўз ва уюшмалар эркинлиги ҳуқуқларини амалга ошириш учун яна кўп ишлар қилиш керак. Айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг салоҳияти, малакаси, тажрибасидан ҳалигача сезиларли даражада фойдаланилмаяпти. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонга тез, барқарор иқтисодий ўсишга эришишда ёрдам беришга тайёр. Ўзбекистон ҳукумати аёлларнинг тўлиқ иштирокини чекловчи тўсиқларни камайтириш, жумладан, гендер стереотиплари, камситиш ва гендерга асосланган зўравонликка қарши курашиш учун кўпроқ иш қилиши мумкин.

Афсуски, ҳар қандай мамлакатда иқтисодий ўсишнинг асосий омили бўлган хусусий секторнинг Ўзбекистон иқтисодиётини тўлиқ кенгайтиришга ёрдам беришига тўсқинлик қилувчи муҳим тартибга солувчи тўсиқлар ҳамон мавжуд. Биз тегишли қонунчилик ва интеллектуал мулк ҳимоясини таъминлаш орқали Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишига кўмаклашиш тарафдоримиз. Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиши ҳам мамлакатдаги савдо ва сармоя ҳажмини тезлаштиришга ёрдам беради. Таълим соҳасидаги ислоҳотлар ўз самарасини бериши учун вақт талаб этилади. Ўқитиш ва ўрганишнинг янги моделларига уларнинг самарадорлигини исботлаш ва кейинги ўзгаришларни амалга оширишда ўйланган, далилларга асосланган ёндашувни қўллаш муҳим аҳамиятга эга.

 Юртимиз ҳақидаги таассуротларингиз қандай?  

Бу заминга келганимга 18 ой бўлди. Ўзбекистон халқи ва маданиятига ошиқ бўлиб қолдим. Иш фаолиятим тақозоси билан Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятларига боришга муваффақ бўлдим. Афсонавий Бухоро, Самарқанд, Хивани, бетакрор Наманган, Фарғона, Жиззах, Нукус шаҳарлари менда жуда катта таассурот қолдирди. Ноябрь ойида синглим ва жияним Ўзбекистонга келди. Мен улар билан бу гўзал мамлакатни айланишга муваффақ бўлдим. Бошқа кўплаб ватандошларимга ва дўстларимга ҳам ушбу ғайриоддий, бетакрор мамлакатга ташриф буюришни тавсия қиламан. Ўзбекистон ва ўзбек халқининг салоҳияти чексиз, бу ерда ишлаш, яшаш имконига эга бўлганимдан миннатдорман.


ЎзА мухбири  

Гўзал Сатторова суҳбатлашди.