Қорақалпоғистон Республикасида суюлтирилган газ ва кўмирни аҳолига ўз вақтида етказиб бериш, биржа савдоларида ва ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин нархининг сунъий ошиб кетишининг олдини олиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

– Бугунги кунда хусусий корхоналарга қарашли 123 та автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шохобчаси, 103 та автомобилларга суюлтирилган газ тўлдириш шохобчаси фаолият олиб бормоқда, – дейди “Ўзнефтегазинспекция”нинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раҳбари Мирас Бердибаев. – Шунингдек, 157 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси бўлиб, шундан 121 таси биржа савдоларида иштирок этиб, олинган автобензинларнинг чакана савдоси йўлга қўйилган. Бундан ташқари, “Тахиатош нефтбазаси” масъулияти чекланган жамиятига қарашли туманларда жойлашган фермерларга хизмат кўрсатувчи 25 та ёқилғи тарқатиш шохобчаси орқали “АИ-80” маркали бензин етказиб берилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шохобчалари орқали 1 м3 табиий газнинг нархи 2200 сўмдан, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалар орқали 1 литр “Аи-80” маркали бензин 5700 сўмдан сотилмоқда.

Ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин нархининг барқарорлигини таъминлаш, сунъий ошиб кетишининг олдини олиш борасида “Ўзнефтегазинспекция”нинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда шохобчалар раҳбарлари ва мутахассислари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА