Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Истиқлол шоирлари, давлат мадҳиялари муаллифлари Аҳмад Жавод, Абдулла Орипов, Меҳмет Акиф Эрсой” ижодига бағишланган халқаро конференция ва Аҳмад Жаводнинг ўзбек тилига таржима қилинган “Мен ҳақиқат овозиман” шеърий тўплами тақдимоти ўтказилди. Ушбу китобдан шоирнинг Ватанга муҳаббат, истиқлол, байроқ, севги мавзусидаги озарбайжон ва ўзбек тилларидаги шеърлари жой олган.

Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази тақдим этган маълумотга кўра, даставвал, тадбир иштирокчилари Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази лойиҳаси асосида университетда ташкил этилган “Низомий номидаги тадқиқот маркази” билан яқиндан танишдилар. Таъкидлаш жоиз, ушбу мажмуада Марказ ташаббуси билан чоп этилган ўзбек тилидаги нашрлар, Озарбайжон ҳақидаги китоблар, шоир ва ёзувчилар портретлари, миллий эсдалик буюмлари жамланган.

Олий ўқув юрти асосий биносига кираверишда Анқарадаги Турк тарихи ва маданияти фонди ташаббуси кўмагида тайёрланган “Туркистон ва Кавказнинг ноёб тарихий хариталари” номли Озарбайжон, Ўзбекистон, Туркия кўргазмаси намойиш этилди.

Кўргазмада қадимий Озарбайжон ҳудудларини акс эттирувчи тарихий, асрлар давомида турклар яшаган ҳудудлар жо бўлган, буюк географлар томонидан яратилган Шарқий Туркистон, Марказий Осиё хариталари, бугунги туркий давлатлар ва Кавказнинг қадимги даври, ўрта асрлар, шунингдек, собиқ совет даврига қадар яратилган ҳамда истиқлол даврига оид тарихий хариталар томошабинлар эътиборига ҳавола қилинган.

Анжуманда сўзга чиққан ТДПУ ректори, профессор Абдуғаффор Қирғизбоев Аҳмад Жавод, Абдулла Орипов, Меҳмет Акиф Эрсойнинг Ватан олдидаги тарихий хизмати улкан эканига алоҳида эътибор қаратди.

У ўзбек, озарбайжон ва турк халқлари миллий рамзларига тўхталиб, уч мамлакат мадҳиялари яратилишида муаллифлар кўрсатган жонбозлик таҳсинга сазоворлигини таъкидлади.

Ректор Аҳмад Жаводнинг ўзбек тилига таржима қилинган “Мен ҳақиқат овозиман” китоби қардош халқ шеърияти билан яқиндан танишиш имконини беришини қайд этиб, ташкилотчиларга самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббосов умумий тарихимиз, адабиётимизнинг улуғвор саҳифаларини ўрганиш, тадқиқ этиш улкан шараф эканига урғу берди. Сермазмун умри давомида мустақиллик ғояларига содиқ қолган, мадҳияларни ёзиб, абадийликка эришган ҳар учала шоир ижоди озодлик, халқларимиз буюклиги, пурвиқор байроқларимиз тараннуми сифатида беқиёс маъно касб этишини эътироф этди.

Дипломат бу йил Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қарорига мувофиқ, Озарбайжон адабиётининг таниқли вакили, буюк шоир, таниқли педагог ва жамоат арбоби Аҳмад Жавод таваллудининг 130 йиллиги кенг нишонланаётгани, Озарбайжон Маданият маркази лойиҳаси асосида адиб асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилаётганини билдирди.

Туркиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси котиби Буғра Доған Меҳмет Акиф Эрсой томонидан ёзилган давлат мадҳияси ноёб қаҳрамонлик достони, турк озодлик кураши руҳи ва рамзи эканини таъкидлади. Дипломат Аҳмад Жавод қаламига мансуб “Чайқаларди Қора денгиз” қўшиғи Шушада ғурур ва тантана билан ижро этилаётганини қайд этиб, халқларимиз ўртасидаги маданий ва адабий алоқа кун сайин кенгайиб бораётганидан мамнун эканини изҳор қилди.

Анқарадаги Турк тарихи ва маданияти фонди раҳбари Низомиддин Ойқурт жамғарма томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларга тўхталиб, улуғ шоирлар ижоди халқларимиз учун улуғ неъмат эканини қайд этди. Аҳмад Жавод ижоди қардош Туркияда ҳам севиб ўқилажагини, бундай шахслар абадийликка дахлдорлигини таъкидлади.

ТИКАнинг Ўзбекистон ваколатхонаси раҳбари Жемалеттин Тунай университетнинг ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири Феруза Бурхонова, доценти Дилафрўз Қаландарова, Аҳмад Жаводнинг “Мен ҳақиқат овозиман” шеърий китоби таржимони Шаҳло Қосимова истиқлол шоирлари ижодидаги кўплаб умумий жиҳатларни таҳлил қилиб беришди.

Қардош туркий халқлар ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаб, адабиётимизни дунёга танитишга хизмат қиладиган мазкур тадбир якунида иштирокчиларга “Мен ҳақиқат овозиман” китоби тарқатилди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА