Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев режали ўчириш жадвалларига қай тарзда амал қилинишига муносабат билдирди.

–Бугунги кунда  ишлаб чиқарилиб, етказиб берилаётган электр энергияси ҳамда ҳақиқий эҳтиёж ўртасидаги тафовут  бир мунча катта. Бу тафовутни  қоплаш учун суткасига икки соат  ўчириш етарли эмас.  Лекин бир ўчиришда икки соатдан  ошмаслик чоралари  кўрилиши таъминланади.

Бу ерда таъкидлаш жоизки, режали  ўчиришлар  энергия тизимида  ишлаб чиқарилаётган  энергиянинг етмаган ҳолатларида  амалга оширилади. Бундан ташқари,  авариявий ўчиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Бунда  ҳолатларда авариянинг туридан келиб чиққан ҳолда  уни бартараф этишга  бир мунча кўпроқ вақт сарфланиши мумкин.

Бугунги кунда электромонтёрларимиздан иборат авария бригадалари  24 соат иш режимида  ўтказилган. Улар ҳар қандай об-ҳаво шароитига қарамасдан,  мавжуд авария ҳолатларни тезкорлик билан бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишларни бартараф этиш учун 500 дан ортиқ махсус бригадалар  шакллантирилган  ва улар барча керакли материаллар ва техникалар билан таъминланган.

Агарда электр таъминотидаги узилиш икки соатдан ортиб кетса, “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг 1154 қисқа рақамига мурожаат қилган ҳолда, мавжуд муаммо ҳақида айтиш мақсадга мувофиқдир, – деди Ш. Хўжаев.

ЎзА