Бугунги энергетика соҳасида амалга оширлаётган ислоҳотларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан “яшил” энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Буни рақамларда кўрсатадиган бўлсак, кейинги 3,5 йил ичида умумий қуввати 2 897 мегаваттга тенг бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича халқаро компаниялар билан ҳамкорликда 10 та битим имзоланган.

Ушбу лойиҳаларни амалга ширилишини таъминлаш юзасидан Президентимиз томонидан 10 та қарор имзоланди.

Лойиҳаларнинг умумий қиймати қарийб 3 миллиард АҚШ долларни ташкил этади. Уларнинг барчаси хорижий компаниялар томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилган.

“ЯШИЛ” ЭНЕРГЕТИКА РАВНАҚИ ЙЎЛИДА ДАСТЛАБКИ НАТИЖАЛАР ҚАНДАЙ?

2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида биринчи 100 мегаватт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.

2022 йилнинг май ойида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида 100 мегаватт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.

Ушбу икки станция бугунги кунда марказий тармоққа электр энергиясини узатмоқда.

ЯҚИН ЙИЛЛАРДА НЕЧТА ҚУЁШ ВА ШАМОЛ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯЛАРИ ИШГА ТУШИРИЛАДИ?

2023-2024 йилларда Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 197 мегаватт бўлган 5 та қуёш ва шамол электр станциялари фойдаланишга топширилади.

2024-2025 йилларда Бухоро ва Навоий вилоятида ҳар бирининг қуввати 500 мегаваттдан бўлган 3 та шамол электр станцияси ишга туширилади.

2026 йилга бориб Ўзбекистонда умумий қуввати 8 000 мегаваттга тенг бўлган қуёш ва шамол электр станциялари, 868 мегаватт қувватга эга гидроэлектр станциялари ишга туширилади.

“ЯШИЛ” ЭНЕРГЕТИКАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА ТЕНДЕРЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Айни кунларда Ўзбекистонда умумий қуввати 1000 МВт бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича 3 та тендер танловлари давом этяпти.

Биринчиси, Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари;

Иккинчиси, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 300 МВт қувватли қуёш электр станцияси ва энергия сақловчи тизимлар;

Учинчиси, Қорақалпоғистон Республикасида 200 МВт қувватли шамол электр станцияси.

2022 йил охири ва 2023 йил бошида танлов якунланади ва инвесторлар аниқланади.

ЎЗБЕКИСТОНДА ИЛК БОР АҲОЛИ ХОНАДОНИДАН ДАВЛАТ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИ СОТИБ ОЛМОҚДА

Ўзбекистон тарихида биринчи марта аҳоли хонадонида ўрнатилган қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат томонидан сотиб олиш амалиёти йўлга қўйилди.

Давлат хонадонларда ўрнатиладиган қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатишда жисмоний шахсларга бир қатор имтиёзлар жорий қилмоқда.

Жисмоний шахслар қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини онлайн сотиб олиш учун платформа ишга туширилди.

Ушбу қурилмаларни 3 йил муддатда фоизсиз бўлиб тўлаш ёки давлат томонидан компенсация қилиш орқали харид қилиш мумкин

ЎзА