Aмалда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукционга чиқариш босқичлари қисқартирилиб, ижара ҳуқуқи билан ер олишда 48 иш куни, мулк ҳуқуқида 74 иш кунигача сарфланган вақт эндиликда 16 ва 22 иш кунигача қисқартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 30 ноябрда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш ва электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 2022 йил 14 февралдаги 71-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Хўш, бу қарор билан яна қандай ўзгариштиришлар бўлмоқда? Кадастр агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Усмонжон Қодиров шулар хусусида маълумот берди.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш ва электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Қарор билан ерларни ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши билан келишган ҳолда, мастер-режа асосида аукционга чиқариш орқали жараёнларни тезлаштириш кўзда тутилди. Ерларни бош режада назарда тутилган лотларга мувофиқ, содда тартибда тадбиркорларга бериш амалиёти жорий этилди. Aҳоли ўзига тегишли бўлган давлат рўйхатидан ўтган ерларни хусусийлаштириш тўлови йиллик ер солиғининг 20 баравари миқдорида эди. Эндиликда бу қиймат Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида ер солиғининг 10 баравари, бошқа ҳудудларда 5 баравари миқдорида белгиланди.

М.Сулаймонов, ЎзА