Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида бешта муҳим ташаббус доирасида умумтаълим мактаблари ўртасида жорий йилнинг июнь-ноябрь ойлари давомида санъат, спорт, ахборот технологиялари ҳамда китобхонлик йўналишлари бўйича бўлиб ўтган фестиваль, танловлар ҳамда спорт мусобақаларининг мамлакат босқичида ғолиб бўлган ва фаол иштирок этган ўқувчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, ёшларга эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, шунингдек, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига эътибор қаратилиб, Президентимиз томонидан ушбу йўналишлардаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида беш ташаббус ғояси илгари сурилди.

“Беш ташаббус санъат билан”  шиори остида “Ёшлар театр студиялари” танловида Тўрткўл туманидаги 17-умумтаълим мактаби жамоаси биринчи ўринни эгаллади. “Беш ташаббус спорт билан” шиори остида стритбол бўйича ўтказилган спорт мусобақасида ўсмирлар ўртасида Нукус туманидаги 31-умумтаълим мактаби жамоаси, қизлар ўртасида эса Нукус шаҳридаги 22-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ғолиб бўлди.

Роботлар жанги мусобақасида Кегайли, Хўжайли ва Бўзатов туманлари жамоаларига ғолиблик насиб этди.

“Беш ташаббус китоб билан” шиори остида ўтказилган “Китобхон мактаб” танловида эса биринчи ўринни Элликқалъа туманидаги 47-умумтаълим мактаби жамоаси қўлга киритди. Шунингдек, фан тўгараклари ғолиблари ҳам аниқланди.

Ғолиблар  ва фаол иштирокчиларга диплом ва қимматбаҳо совғалар  топширилди.

Санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА