Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш марказида “Бор меҳримиз сенга болажон!” шиори остида беғараз донорлик акцияси ташкил этилди.

Халқаро ногиронлар куни муносабати билан икки кун давом этган акцияни ўтказишдан кўзланган мақсад, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишдан иборат.

Шундай хайрли ва савобли ишга бел боғлаган “Адолат” социал-демократик партияси ушбу акцияни 2018 йилдан буён ҳар йили икки марта ўтказиб келмоқда.

Эрта тонгдан бошланган акцияда партия ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари ҳамда кўнгиллилар иштирок этди.

Юзлаб инсонлар бир мақсад йўлида бирлашиб, қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш, умид бериш, уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли, савобли ишга бел боғлаб, қон топширди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА