Халқимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини кенг нишонлаш арафасида турибди.

Ўзбекистон халқи давлат мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг, ўз олдига инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни олий мақсад қилиб олди. Конституциямиз ўтган йиллар давомида халқимизнинг ушбу олий мақсадига чин маънода ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўташга муваффақ бўлди.

Шу ўринда мамлакат Конституциясида белгиланган энг муҳим принциплар Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган “…инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва бахт саодати давлат сиёсати, барча давлат органлари фаолиятининг энг устувор мақсади бўлиши лозим. Жамият қурилиши ва давлат сиёсати ана шу ғояга таяниши ҳамда «Давлат – инсон учун» тамойили асосида ташкил этилиши даркор» деган ғоя асосида яна ривожлантирилмоқда. Энг муҳими Қонун устуворлиги бутун тараққиётимизнинг муҳим шарти сифатида эътироф этилмоқда.

Маълумки, Қонун устуворлиги – адолат мезонининг муҳим шарти ҳисобланади. Қонун устувор бўлмаган жамиятда эса, адолат ҳақида ийманиброқ гапирасан киши.

Қонун устуворлиги, бу аввало Конституция устуворлиги демакдир. Агар жамиятда Конституция устувор бўлмаса, олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам кутилган самарани бермайди.

Абдуманноб Рахимов,Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси

Шунинг учун ҳам мамлакатимиз Асосий қонунининг 16-моддаси, иккинчи қисми Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга даъват этилган бўлиб, унда «Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас” деб белгиланган.

Ушбу конституциявий нормани ижросини таъминлаш масъулияти Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг зиммасига юклатилган.

Шу ўринда, Муҳтарам Президентимизнинг «Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди» деган эътирофлари, айнан, Конституциявий суд фаолиятига қаратилган, деб айтсак муболаға бўлмайди.

Тўғри, бу гапни айтиш Конституциявий суд вакилига бироз нокамтарлик бўлиши мумкин. Лекин, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг алоҳида ўрни борлигини ҳеч ким инкор этмайди.

Дунё амалиётидан маълумки, барча қонунлар ва уларнинг ижроси ҳар доим ҳам адолатли бўлавермайди. Шунинг учун ҳам бундай нохуш ҳодисалар рўй бермаслиги учун ишончли назорат омиллари ташкил этилади. Табиийки, бундай назорат қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият тармоқлари томонидан таъминланади. Қонун ва унинг ижроси адолатли эканлигига шубҳа пайдо бўлса, аввало, бу масала улар томонидан ҳал этилмоғи шарт. Бевосита қонунчилик ва унинг ижроси билан машғул бўладиган давлат органларидан ташқари, прокурор назорати ёки назорат-тафтиш органлари ҳам мавжуд.

Қонун ва ижронинг адолатсизлиги тўғрисидаги ариза ва шикоятлар улар томонидан маъмурий тартибда кўриб чиқилади. Натижада қонун қайта кўрилади ёки ижронинг салбий оқибатлари бартараф этилади. Бироқ шундай бўлсада қонун чиқарувчи ёки ижро ҳокимиятининг қарорлари ҳар доим ҳам адолатли бўлавермайди, улар аризачи ёки шикоятчини қониқтирмаслиги мумкин. Бундай пайтда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилса, қарорлар устидан судга арз қилиш зарурати туғилади.

Баҳсли вазиятни ҳал этиш учун суд жараёни бошланади. Чунки давлат органи қарори ва ҳатто унинг ноқонуний фаолияти одил судлов ҳукмидан четда қолиши мумкин эмас.

Фақат суд ҳокимияти адолат масаласини ҳал этиб беради. Мамлакатимиз суд ҳокимияти тизимида ўзининг алоҳида ўрнига эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди айнан шундай масалаларни ҳал этишга даъват этилган десак тўғри бўлади.

Манбаларда келтирилишича 1803 йилда Мерберининг Медисонга қарши кўрилган иши конституциявий юрисдикциянинг, ҳозирги замон тушунчасидаги қонунлар устидан конституциявий назоратнинг бошланиши деб эътироф этилади.

Агар Конгресс томонидан қабул қилинадиган қонунлар АҚШ Конституциясига зид бўлса, ижро этилмаслиги мумкинлигини ўшанда АҚШ Олий суди биринчи марта тан олган.

Ўзбекистонда конституциявий назорат институтининг пайдо бўлиши мустақилликнинг илк даври, аниқроғи ўтган асрнинг
90 йилларига тўғри келади.

Юридик адабиётларда Конституциявий назорат комитетини ташкил этилишига Ўзбекистонда Конституциявий мустақиллик йўлида ташланган илк қадам, деб таъриф берилиши ўша вақтларда Конституциявий назоратнинг ўрнатилиши нечоғлиқ муҳим бўлганлигини тасаввур этиш қийин эмас.

Бугун фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди 1995 йилнинг 30 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ташкил этилган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бутун жамиятда бўлгани каби Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласини кун тартибига олиб чиқди.

Дастлаб, 2017 йил 31 майда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.

Кейинчалик, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги «Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–4551-сонли қарорини ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуни 2021 йил 27 апрелда қабул қилинди.

Конституциявий қонуннинг энг муҳим янгилиги нимада бўлди? Албатта, янги қонунда Конституциявий судда иш юритишнинг барча процессуал босқичларини конституциявий қонун даражасида белгиланиши унинг муҳим ютуғи ҳисобланади.

Конституциявий қонуннинг таянч нуқтаси деб, «Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса, фуқаролар ва юридик шахслар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақли» деган мазмундаги нормани кўрсатиш мумкин.

Эътироф этиш лозим, дунёдаги барча Конституциявий судлар фаолияти норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг конституциявийлигини ўрганиш орқали мамлакат Конституциясини барқарорлигини таъминлашга даъват этилган.

Шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ҳам қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриш орқали Ўзбекистон Республикаси Конституцияси барқарорлигини таъминлайди, десак тўғри бўлади.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги тантаналари мамлакатимизда кенг кўламда бошланган конституциявий ислоҳотлар жараёни билан бир вақтга тўғри келди.

Бунинг ҳам ўз ҳикмати бор. Чунки, Ўзбекистон ўзининг янги тараққиёт босқичига кирди. Тараққиётнинг янги даврида албатта, унинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш зарурати пайдо бўлади. Қолаверса, жаҳонда рўй бераётган глобаллашув жараёнлари ва Конституциямизни янада барқарорлигини таъминлаш конституциявий ислоҳотларнинг бош мақсадидир.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкин, мамлакатимиз Конституцияси яна узоқ йиллар Янги Ўзбекистон тараққиётининг гарови бўлиб хизмат қилади.

 

Абдуманноб Рахимов,

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг судьяси