Грузия Молия вазирлигининг Даромадлар хизмати раҳбари Леван Какава бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Дастлаб Давлат божхона қўмитасида иккала мамлакат божхона хизмати раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, ДБҚ раиси А.Мавлонов Ўзбекистон-Грузия ўртасида божхона соҳасидаги ҳамкорлик тубдан янгича аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Маълумки, жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон делегацияси Грузияда бўлиб, божхона тизимида қўлга киритилган ютуқ ва тажрибалар билан яқиндан танишиб, муҳим келишувларга эришилган эди. Мазкур келишувларни амалга ошириш учун йўл харитаси тасдиқланган.

Грузия делегациясининг мамлакатимизга ташрифини эса ушбу келишувларнинг илк самараси деб баҳолаш мумкин.

Учрашувда Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида божхона соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, хусусан, соҳани рақамлаштириш ҳамда божхона ходимларининг ижтимоий муҳофазаси йўналишларида кўргазмали тақдимотлар амалга оширилди.

Тадбирда хавфларни бошқариш, божхона аудити, товарларнинг божхона экспертизаси, халқаро ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Истиқболда иккала мамлакат божхона идораларининг қўшма кенгашини ташкил этиш имконияти кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар 2023-2024 йилларда ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режаси, товар ва транспорт воситалари бўйича олдиндан ахборот алмашишнинг техник шартларини имзолашди.

 

ЎзА