Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Қорақалпоғистон Республикаси давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигининг 33 йиллигига бағишланган “Мартабанг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев барчани 1 декабрь – Қорақалпоғистон Республикаси “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигининг 33 йиллик байрами билан табриклади.

Таъкидланганидек, тил – бу халқнинг тарихини, маданий меросини, турмуш тарзини, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган бебаҳо хазинадир. Мана, сўнгги йилларда юртимизда она тилимизни асраб-авайлашга, уни янада бойитишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

Бунинг мисоли тариқасида қорақалпоқ тилидаги янги дарсликлар ва қўлланмаларнинг, бадиий китобларнинг, монографияларнинг нашрдан чиқарилаётгани, она тилимизни ривожлантиришга бағишланган илмий анжуманлар ва бошқа тадбирларнинг ташкил этилаётгани, Ибройим Юсупов номидаги қорақалпоқ тили ва адабиёти фанини чуқур ўргатишга ихтисослашган ижод мактабининг, Чимбой туманида қорақалпоқ адабиётининг забардаст вакиллари Кунхўжа ва Бердақ шоирларнинг хотирасига мақбара ва музей қурилганини алоҳида қайд этиш зарур. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг,  шаҳар ва туман ҳокимларининг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимининг жорий этилиши, муқаддас китобимиз – Қуръон маъноларининг ва бошқа бир қатор диний китобларнинг қорақалпоқ тилидаги таржималари нашр этилгани, она тилимизнинг тозалигини сақлашда муҳим ўрин тутадиган лотин имлосидаги “Қорақалпоқ тилининг орфографик луғати” чоп этилгани она тилимизга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрлик ифодасидир.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми махсус қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Қорақалпоқ тилини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, қатор вазифалар белгиланди.

Жорий йилги  байрамнинг “Мартабанг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида ўтказилаётгани бежиз эмас. Бу қутлуғ сана муносабати билан нафақат Оролбўйида, балки мамлакатимиз бўйлаб байрам тадбирлари, учрашувлар, адабий кечалар ва турли кўрик-танловлар ўтказилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида “Мустақиллик йилларида қорақалпоқ тили ва адабиётини ривожлантириш масалалари” мавзусида илмий–амалий  анжуман ўтказилган  бўлса, Ўзбек миллий академик драма театрида ёзувчи О.Абдирахмановнинг “Тирсаклар” комедияси томошабинлар эътиборига  тақдим  этилмоқда.

Тадбирда олий таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларининг бир гуруҳ қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига эсдалик совғалари топширилди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири  Сирожиддин Саййид, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Минҳожиддин Мирзо  сўзга чиқиб,  йиғилганларни қорақалпоқ тили байрами билан қутлади. Бир гуруҳ адиб ва соҳа фидойиларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий ёрлиғи,“Маънавият фидойиси” кўкрак нишони топширилди.

Тантанали маросимда санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА