Фармон ва ижро

1939 йилда ўз фаолиятини бошлаган “Тошкент иссиқлик электр маркази” акциядорлик жамияти пойтахтимизнинг уй-жой коммунал хўжалиги ва саноат корхоналари учун электр ва иссиқлик энергияси манбаларини етказиб беради.

Ушбу марказнинг ишлаб чиқариш электр қуввати 57,15 мегаваттни, иссиқлик қуввати эса 828 Гкал/соатни ташкил этади. 2022 йилнинг 10 ойлик ишлаб чиқариш кўрсаткичларига тўхталадиган бўлсак, тармоққа 283 миллион киловатт соат электр энергияси  ва 1 256,66 минг Гкал/соат иссиқлик энергияси етказиб берилган.

“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган пресс-турда шу ҳақда сўз борди.

Унда “Тошкент иссиқлик электр маркази” акциядорлик жамияти бош директори Рустам Шамсиев корхонада электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиши, амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаси ва муқобил  энергия манбаларидан фойдаланиш жараёни ҳақида маълумот берди.

– Марказда бешта буғ қозон қурилмаси, еттита сув иситиш қозон қурилмаси, буғ турбина ва газ турбина қурилмалари мавжуд, – деди Р.Шамсиев. – 2013 йилда Япониянинг “NEDO” компанияси  томонидан ажратилган грант маблағи ҳисобига 27 мегаваттли  иккинчи босқич замонавий газ турбина қурилмаси ишга туширилган. Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ижросига асосан корхонада аҳолини, ижтимоий соҳа объектларини ва иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида умумий қиймати 109,243 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унга кўра, 2024 йилга қадар ҳар бирининг қуввати 32 МВт бўлган иккита газ турбина қурилмаси бунёд этилиб фойдаланишга топширилади. Айни кунларда мазкур инвестиция лойиҳаси  қурилиши жараёнида  бир қанча нуфузли компаниялар билан бирга, Туркиянинг “Çalik Enerji” компанияси тендер ғолиби сифатида иштирок этмоқда. Бу ерда қурилмалар Япония, Хитой ва Европа давлатларидан келтирилмоқда.  Афзаллик жиҳатларини айтадиган бўлсак, газ турбина қурилмаси оддий қурилмаларга нисбатан  табиий газ ёқилғисига бўлган тежамкор ва 508 тонна чиқинди газини атмосферага кам чиқаради. Шовқини кам бўлгани учун бу қурилмаларни шаҳар шароитида қуришга рухсат берилган. Шунингдек, мазкур технологиялар юз фоиз рақамлаштирилган.  Бугунги кунда жамиятимизда ўқув марказлари ташкил этилмоқда.   Келажакда шу газ турбина қурилмаларини бошқарадиган мутахассисларни тайёрлаш кўзда тутилган.

Мазкур инвестиция лойиҳаси ишга туширилгач, марказ томонидан йилига қўшимча 515,6 миллион киловатт соат электр ва 690,3 минг Гкал/соат иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилишига имконият яратилади. Шунингдек, бунда юқори тежамкор замонавий технологиялар эвазига йилига 219 минг  метр куб табиий газ иқтисод қилиниши ва атроф-муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 508 тоннага камайишига эришилади.

Қурилиш ишларида бош пудратчи сифатида Туркиянинг “Çalik Enerji” компанияси  жамоаси ҳам фаол қатнашмоқда.

– Аввало, ушбу инвестиция лойиҳаси бўйича ўтказилган тендерда компаниямиз ғолиб бўлганидан хурсандмиз. Компаниямиз 2012 йилдан буён мамлакатингиздаги тўртинчи бор иссиқлик электр станциялари лойиҳаларини амалиётга татбиқ этишда қатнашмоқда. Ҳозирги кунда “Тошкент иссиқлик электр маркази” акциядорлик жамиятида иккита газ турбина замонавий талаблар асосида қурилмоқда. Қурилишда 150 нафар ишчи-мутахассис, жумладан, улар орасида ўзбеклар қаторида турклар ҳам  ўз ҳиссасини қўшмоқда, – деди Туркиянинг “Çalik Enerji” компанияси вакили  Эмраҳ Бакир.

Пресс-тур доирасида иштирокчилар 1939 ва 2013 йилларда йилларда ишга туширилган буғ турбина ва газ турбина  қурилмалари ҳамда марказий бошқарув бўлимлари фаолияти билан танишди. Мутахассислар  томонидан корхонада  инвестиция лойиҳаси қурилиш баробарида муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш, қурилмаларда олиб борилаётган модернизация ишлари ва ишчи-ходимларга яратилаётган қулайликлар ҳақида ҳам атрофлича гапириб берилди.

– 2022 йилнинг 11 ойи давомида корхонанинг бино ва иншоотларини иссиқлик энергиялари билан таъминлаш мақсадида умумий сиғими 3400 литр бўлган жами 17 дона қуёш сув иситиш қурилмалари, ички ва ташқи ҳудудларни автоном ёритиш тизимига ўтказиш мақсадида 160 дона қуёш панелли ёритиш чироқлари, 70 дона сенсорли ҳаракат датчиклари ҳамда электродвигателларни оптимал юкламаларда ишлашини таъминлаш ҳисобига ортиқча электр энергияси сарфини олдини олиш учун 2 дона частота ўзгартиргич қурилмалари ўрнатилди. Шу кунларда корхонада қуввати 25 киловатт соатга тенг бўлган  қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилиб, ишга туширилди. Ушбу қуёш панеллари орқали йилига ўртача 45 минг киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Натижада йилига 4,7 минг метр куб табиий газ иқтисод қилинишига эришилади. 2023 йил биринчи чорагига қадар қуёш панелларининг ўрнатилган қуввати босқичма-босқич 505,6 кВт соатга етказилади, – деди “Тошкент ИЭМ” АЖ ишлаб чиқариш бўйича директори Баҳодир Солиҳов.

Бугунги кунда корхонада нафақат янги лойиҳалар, балки рақамли трансформация, ишлаб чиқариш жараёнларини замонавийлаштириш йўналишидаги қатор ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда моддий-техник базани янгилаш, маънан эскирган бино ҳамда иншоотларни, ижтимоий объектларни қайта таъмирлаш ва янгиларини барпо этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу ерда тиббиёт муассасаси замонавийлаштирилди. Кимё цехи лабораторияси, Электр цехи бошқарув шити, Қозон турбина цехи санузеллари ва ювиниш хоналари тўлиқ таъмирланди, мебель жиҳозлари янгиланди. Ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш мақсадида 80 ўринли умумий ошхона қайта реконструкция қилиниб, 150 ўринга мослаштирилди ҳамда ишчи ходимларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда замонавий мебеллар билан жиҳозланди.

Мухтасар айтганда, 450 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган марказ жамоасининг аҳоли ва истеъмолчиларни барқарор электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг ва уйғунлиги кишини қувонтиради. Зеро, ислоҳотлар инсон қадри ва фаровон ҳаётини яратишда олиб борилаётган сиёсатимизнинг муҳим мезонидир.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,

ЎзА мухбири