Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Буюк Британия савдо ва саноат кенгашининг 26-йиғилишида икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари, 70 га яқин етакчи компаниялар, университет, молия институтлари вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик хусусида маълумот берди.

Республикамизда Британия капитали иштирокидаги корхоналар сони 338 тага етгани қайд этилди. Мамлакатимизда яратилган қулай сармоявий муҳит туфайли мазкур корхоналар қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тоғ-кон саноати, фармацевтика, тўқимачилик ва кимё саноатида, шунингдек хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларида муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

Мулоқот чоғида юртимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар самарадорлиги хусусида сўз борди. Ҳукумат хорижий инвесторлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди. Британия компаниялари фаол ҳамкорликка чақирилди.

Буюк Британиянинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича савдо комиссари – Истанбулдаги Бош консул Кенан Полео, Буюк Британия Халқаро савдо департаменти бош директори Эндрю Митчелл ўзаро савдо ва инвестицияни ривожлантириш имкониятини муҳокама қилиш учун самарали восита ҳисобланадиган ушбу кенгашнинг йиллик учрашувларини ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида инвестиция ҳамкорлигини ривожлантириш учун қулай сармоявий муҳит мавжудлиги эътироф этилди. Мамлакатимизнинг жадал ривожланаётган бозорида Британия компаниялари фаолиятини кенгайтириш зарурлигига урғу берилди.

Анжуман доирасида профессионал молиявий хизмат кўрсатиш, инфратузилмани модернизация қилиш, қурилиш соҳасини ривожлантириш, Буюк Британия Преференциялар бош тизимининг кенгайтирилган тартибидан самарали фойдаланиш масаласига бағишланган тўрт тармоқ сессияси ҳам бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида республикамиздаги хусусийлаштириш дастурида британиялик инвесторлар иштироки истиқболи, Ўзбекистоннинг қатор йирик компаниялари бирламчи оммавий таклифга қўйилиши, давлат-хусусий шериклик асосида йирик сармоявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш имконияти ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик салоҳияти муҳокама қилинди.

Иштирокчилар инвестиция лойиҳалари ва ташаббусларини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорликнинг молиявий ва техник жиҳатини чуқур таҳлил қилиш мақсадида B2B ва G2B шаклида музокара олиб боришди.

Ўзбекистон – Буюк Британия кенгаши якуни бўйича савдо, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, таълим ва маданият соҳаларида 8 та икки томонлама ҳужжат, шунингдек, кенгашнинг 2023 йил учун қўшма ҳаракат режаси (“Йўл харитаси”) имзоланди.

Б.Худойбердиев,

Д.Якубов (видео),

ЎзА