Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитовни қабул қилди.
Актам Ҳаитов ўз номидан ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номидан Президент Илҳом Алиевни “Янги Озарбайжон” партиясининг 30 йиллиги билан табриклади. Президент Илҳом Алиевга Ўзбекистон Президентининг эзгу тилакларини етказди. Актам Ҳаитов Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон билан ўзаро алоқаларни юксак қадрлашини таъкидлади.
Президент Илҳом Алиев табрик учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президентига эзгу тилакларини етказишни сўради.
Президент Илҳом Алиев жорий йилда Ўзбекистонга уч марта ташриф буюрганини қайд этиб, Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувларини мамнуният билан эслади.
Мулоқот чоғида “Янги Озарбайжон” партияси ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўртасидаги самарали ҳамкорлик ва ўзаро ташрифлар муҳимлиги таъкидланди.
ЎзА