Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар саммити бошланди.

Унда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.

–Бугунги кунда барчамиз кескин геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари билан боғлиқ мураккаб синовларни бошимиздан кечирмоқдамиз.

Шу сабабли ҳозирги таҳликали вазиятда энг долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимиз умумий ёндашувларни белгилаб олиши, саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириши ниҳоятда муҳимдир.

Биз ҳар қандай қийинчиликларни дўстлик, ҳамкорлик ва бир-биримизни қўллаб-қувватлаш орқали енгиб ўтишга қодирмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз сўнгги бир йил давомида Ташкилотга Туркиянинг раислиги чоғида турли йўналишлар бўйича анча ишлар амалга оширилгани, ўзаро ҳамкорлигимиз янада фаоллашганини алоҳида эътироф этди.

–Ўзбекистон ҳам ўз раислиги даврида “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепцияси ҳамда бугун қабул қилинаётган “Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегияси”ни самарали амалга ошириш, 170 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган улкан минтақани ўз ичига олган Ташкилотимиз нуфузини янада мустаҳкамлаш, ва энг асосийси – тарихи, тили ва маданияти муштарак бўлган қардош халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқиш ниятидамиз, – Президент Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА