Олий Мажлис Сенатига Буюк Британия, Германия, АҚШ ва Франциянинг ЕХҲТдаги дипломатик миссиялари раҳбарларидан иборат делегация ташриф буюрди.

Учрашувда Сенат раиси Танзила Норбоева мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ҳамда ОАВ эркинлигини таъминлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва демократик жараёнлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан ҳамкорлиги, ташкилот лойиҳаларини юртимизда амалга ошириш борасида қилинаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Олий Мажлиснинг ЕХҲТ Парламент ассамблеяси билан ўзаро ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашди. Муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

ЕХҲТ билан иқтисодий ва экологик соҳадаги ҳамкорлик йўналишида фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжуд экани, бу борада янги лойиҳаларни йўлга қўйиш лозимлиги қайд этилди.

Учрашув давомида меҳмонларга айни пайтда Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг бориши, унда «Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» ғояси асосида кенг жамоатчиликнинг фикри ва таклифлари инобатга олинаётгани ҳақида сўз юритилди.

Келаси йилда тарихда илк бор Ўзбекистонда ўтказиладиган ЕХҲТ Парламент ассамблеяси кузги сессиясини унумли ўтказиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашув якунида истиқболдаги режалар ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

ЎзА