Сочида Россия, Озарбайжон ва Арманистон етакчилари – Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Никол Пашинян ўртасида музокара, шунингдек икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.
Алиев Путин билан учрашув чоғида Москва ва Боку ўзаро муносабатдаги ижобий ўсиш суръатини қайд этиб, “Россия ва Озарбайжон Президентлари ҳамда Арманистон Бош вазири иштирокидаги уч томонлама учрашув аввалги худди шундай музокаралар каби Кавказ ортидаги вазиятни яхшилашга сезиларли турки бериши мумкин”лигини таъкидлади.
Озарбайжон етакчиси “Боку ва Ереван ўртасидаги муносабатни биз таклиф этган бешта асосий тамойил асосида меъёрига келтириш мумкин”, дея фикр билдирди. Алиев, шунингдек, Қорабоғ можароси “аллақачон тарихга айлангани”ни айтди.
“Можаро икки йил аввал ҳал бўлган. Шу боис бу мавзуда муҳокама қилинадиган, деярли, ҳеч бир масала йўқ. Озарбайжон-Арманистон муносабатини нормаллаштириш эса, албатта, жиддий қадамларни талаб этади”, деди Алиев.
Жорий йил март ойида Боку Ереванга муаммони бартараф этиш бўйича давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, бир-бири чегаралари дахлсизлиги ва сиёсий мустақиллигини ўзаро тан олиш, бир-бирига нисбатан ҳудудий даъво йўқлигини тасдиқлаш ва келгусида бундай даъволарга йўл қўймаслик мажбуриятини олиш, куч ишлатиш билан таҳдид қилишдан воз кечиш каби беш асосий тамойилни ўз ичига олган таклифлар тақдим этган эди.