Президент Виртуал қабулхонаси орқали Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти тизимига 2022 йилнинг 9 ойи давомида 24 минг мурожаат келиб тушган. Уларнинг 14 мингтаси қаноатлантирилган, 9 мингтасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, мингтаси эса кўриб чиқиш жараёнида.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган эшитувда қайд этилди. Унда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот” АЖнинг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ҳамда ичимлик суви таъминоти масалаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларнинг ҳал этилаётгани тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

– 2022 йилнинг 9 ой давомида келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда, ичимлик ва оқава сув таъминоти бўйича 19 мингта (79 фоиз), уй-жойларни сақлаш ва таъмирлаш бошқариш органларининг фаолияти бўйича 4 мингта (18 фоиз), иссиқлик таъминоти бўйича мингта (3 фоиз) мурожаат рўйхатга олинган, – деди “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарув раиси Соҳиб Саифназаров. – Охирги йилларда ичимлик сув таъминоти соҳасида мурожаатлар келиб тушиши кескин ортганлиги сабабли давлатимиз раҳбари томонидан ушбу йўналишга катта эътибор қаратилмоқда.

2017-2021 йилларда республика аҳоли пунктларида ичимлик сув таъминоти ва оқава сув чиқариш тизимларини ривожлантириш бўйича 2 минг 509 та объектда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган бўлиб, бунинг учун 10 триллион сўм миқдорида маблағ ўзлаштирилган, 16 минг километрдан зиёд ичимлик сув тармоғи қурилган, 885 км оқава сув тармоғини қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада республика ҳудудларида сўнгги 5 йилда 6 миллион 500 минг аҳоли марказлашган тоза ичимлик суви билан илк бор таъминланди.

Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 87 фоизга етказиш бўйича ҳар бир ҳудуд кесимида лойиҳа таклифи ишлаб чиқилиб, хорижий молия институтларининг 26,6 триллион сўм кредит маблағлари, республика бюджетининг 13,4 триллион сўм маблағлари ҳисобидан 4 мингдан ортиқ иншоот ҳамда 40 минг км ичимлик ва оқава сув тармоқлари қурилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, Қашқадарё вилояти аҳолисининг 43 фоизи ичимлик суви билан таъминланганлиги сабабли 3 мингга яқин (2021 йил мос даврига нисбатан 23 фоизга ошган) мурожаатлар келиб тушган. Бундан ташқари, Тошкент вилоятида ичимлик сув таъминотига аҳоли томонидан эътирозлар ортган.

Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида ичимлик сув таъминоти ва оқава сув тизимини ривожлантириш бўйича халқаро молия институтлари иштирокида умумий қиймати 127 миллион долларга тенг бўлган 2 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилишини жадаллаштириш юзасидан аниқ кўрсатмалар берди. Косон ва Муборак туманлари марказлари ҳамда Китоб-Шаҳрисабз ерости сув конидан сув олиш қувурларига яқин бўлган қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида Косон ва Муборак туманларида 39 та МФЙда истиқомат қилувчи 153 минг аҳолининг марказлашган ичимлик сув таъминоти яхшиланади.

Қарши шаҳри канализация тизимини реконструкция қилиш ва қуриш лойиҳасини амалга ошириш натижасида 275 минг аҳоли оқава сув таъминоти билан таъминланади. Шу билан бирга, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 203 км ичимлик сув қувурлари ҳамда 50 км оқава сув қувурлари ётқизилди. 41 та объектда қурилиш ишлари олиб борилиб, 1 та ичимлик сув тозалаш иншоотида (Қодирия) қурилиш ишлари якунланди.

2022 йилнинг ўтган даврида вазирликка Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан соҳага оид 126 та сўров  келиб тушган. Уларнинг 49 таси қаноатлантирилган, 52 таси юзасидан давлат дастурига киритиш бўйича тушунтириш олиб борилган, 25 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди, — деди С.Саифназаров.

Шунингдек, эшитувда 42 та сайёр қабуллар давомида 218 та ичимлик сув таъминоти, 89 та кўп қаватли уй-жой масалалари, 48 та иссиқлик таъминоти, 11 та ноқонуний қурилиш бўйича мурожаатлар тушганлиги қайд этилди. Уларнинг 208 таси ижобий ҳал қилинган, 18таси жойида бартараф этилган, 126 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 14 таси ижобий ҳал қилиш учун назоратга олинган. Масалан, Сурхондарё вилоятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан 173,1 миллион маблағ ажратилиб, 16,7 км полителин қувурларини тортиш орқали 1100 та хонадон ичимлик суви билан таъминланди.

Муҳокамаларда сўз олган депутатлар соҳага оид қатор долзарб саволларни берди. Ҳудудларга чиқилганда кўплаб аҳоли вакиллари сув масаласида мурожаат қилаётгани, эътироз билдираётганини таъкидлади.

– Ҳар йили Давлат бюджетномасини қабул қилишда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласига етарли даражада маблағлар ажратилиши кўзда тутилади, аммо белгиланган маблағларнинг ҳаммаси ҳам ўз вақтида ажратилмайди, – деди депутат Нодиржон Абдувалиев. – Баъзи ҳолатларда эса пул ажратилса-да, ишлар ўз вақтида бажарилмайди. Масалан, Бўка туманида 20 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллалар дастурга киритилганига қарамай, сув таъминоти яхшиланмаяпти. Бу бўйича “Ўзсувтаъминот”га бир неча бор мурожаат қилганман. “1 апрелгача ҳал қилинади”, деган жавоб олдим, аммо мана, октябрь бўлди ҳамки, бу масала очиқ қоляпти. Бунга нима сабаб бўляпти?

– Бу 2019 йилда амалга оширилиши керак бўлган лойиҳа эди, – деди “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарув раиси Соҳиб Саифназаров. – Аммо ажратилган маблағлар айрим қурувчилар томонидан ноқонуний ўзлаштирилгани боис ишлар тўхтаб, улар жавобгарликка тортилган. Лекин бу лойиҳа қолиб кетмайди. Давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятига ташрифи давомида Бўка ва Пискент туманларидаги ичимлик ва оқава сув тизимини ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан аниқ топшириқлар берди. Хусусан, Бўкадаги 10 та маҳаллани ичимлик суви билан таъминлаш ишлари шу йил якунигача тўлиқ бажарилади.

Эшитувда депутатлар мурожаатларда кўтарилган соҳага оид яна бир қатор масалаларни ўртага ташлаб, мутасаддилардан изоҳ сўрадилар. Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

 

Муҳтарама Комилова,  ЎзА