Қорақалпоғистон Республикасида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда жума куни Адлия вазирлигининг Телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилди.
Қарорга асосан Амударё, Хўжайли, Чимбой, Қўнғирот, Беруний ва Тахиатош туманларида фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва бўш турган объектлар негизида кичик саноат зоналари ташкил этилади.
Кичик саноат зоналари ҳудудидаги тадбиркорлик субъектларига давлат кўчмас мулки объектлари лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги келишувларни бажариш ҳамда барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш шарти билан кейинчалик мулк ҳуқуқи берилган ҳолда 5 йиллик узоқ муддатли ижарага берилади.
Шунингдек, давлат кўчмас мулкидан фойдаланиш учун ижара тўловининг “ноль” ставкаси белгиланади.
Кичик саноат зоналарида 2020 йилнинг 1 февралига қадар ер солиғи тўлашдан озод этилади.
Мазкур кичик зоналарда амалга ошириладиган инвестиция лойҳаларини молиялаштириш учун 75 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит линиялари очилмоқда.
ЎзА