Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Исроил давлатининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Зеавит Бен Хилель, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш агентлиги (MASHAV) раҳбари Эйнат Шлейнни қабул қилди.

Учрашувда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида Оролбўйида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, Ўзбекистон ва Исроил давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳақида сўз борди.

Исроил мамлакатининг илғор тажрибалари асосида маҳаллий ёшлар ҳамда мутахассисларнинг билимини ошириш, ҳамкорликда янги лойиҳаларга қўл уриш, олий ўқув юртлари талабалари ўртасида семинар-тренинглар ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Оролбўйи минтақасида кўчатхоналар барпо этиш ва қурғоқчил ерда сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланишда Исроил тажрибасини кенг жорий этиш, коллектор ва оқова сувларни қайта ишлаш орқали қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан фойдаланиш, шу асосда мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Қабулда Оролбўйининг туризм салоҳиятидан кенг фойдаланиш, уни тарғиб қилиш орқали ҳудудга туристларни жалб қилиш ва бошқа муҳим масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА