Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни “Coca-Cola” компанияси раиси ва бош директори Жеймс Куинсини қабул қилди. Учрашувда “Anadolu Group” компанияси раиси Тунжай Ўзилхон ҳам иштирок этди.

“Coca-Cola” алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири бўлиб, фаолияти 200 дан ортиқ мамлакат бозорини қамраб олади, 200 дан зиёд бренд ва 950 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхонасига эга.

Компаниянинг Ўзбекистондаги эксклюзив ҳамкори – “Coca-Cola İçecek” Туркиянинг “Anadolu Group” таркибига киради. Ҳозирги кунда мамлакатимизда компаниянинг Тошкент, Урганч ва Наманган вилоятидаги 3 та заводи фаолият юритмоқда.

Учрашувда озиқ-овқат соҳасидаги, шу жумладан, «яшил» ечимларни, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликнинг ижобий суръати қайд этилди. Куни кеча Самарқанд вилоятида янги корхона ишга туширилди. 2025 йилда Наманган вилоятида бешинчи завод фойдаланишга топширилади.

Инновацион фаолият ва тадқиқотларни ривожлантириш, муҳандислар ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди. Инвестиция дастурини янада кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш, материаллар ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш юзасидан келишувларга эришилди.

Давлатимиз раҳбари истиқболли лойиҳаларни жадаллик билан амалга ошириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилишни топширди.

ЎзА