Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамда Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси билан ҳамкорликда аҳолини, айниқса аёлларни агротадбиркорликка жалб этишга қаратилган конференция ташкил этилди.

Таъкидланганидек, Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамда Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси ўртасида жорий йилнинг апрель ойида “Оролбўйи минтақасидаги аёлларни агротадбиркорликка жалб этиш орқали салоҳиятини кучайтириш, чиқиндилардан инновацион усулда компост тайёрлаш, шўрланган ерларни самарадорлигини ошириш ва ҳудуд экологиясини яхшилаш” мавзусида грант лойиҳаси имзоланган эди.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда аҳоли томорқалари ва шахсий ёрдамчи хўжаликлари муҳим ўрин тутиб, бунда хотин-қизларнинг ўрни  беқиёсдир.

Лойиҳани амалга оширишдан мақсад Оролбўйи минтақасида экологик муҳитни яхшилашга кўмаклашиш, шўрланган ерларда тупроқ унумдорлигини ва чиқиндилардан унумли фойдаланиш орқали томорқа ерларининг самарадорлигини ошириш, экология ва табиатни асрашда минтақа аҳолисининг масъулиятини кучайтиришдан иборат. Шунингдек, ерларнинг унумдорлигини оширишда инновацион усулларда тайёрланадиган компостдан фойдаланиш бўйича кўникма ҳосил қилиш, олинган тажрибани оммалаштириш, янги усулда тайёрланган компост (органик ўғитдан) фойдаланишни йўлга қўйишга қаратилган.

Германия Халқаро Жамияти ва Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” томонидан Оролбўйи минтақасидаги аёлларни агротадбиркорликка жалб этиш, деҳқончилик ва чорвачилик йўналишида замонавий билимлар бериш, уларни инновацион, тежамкор  технологиялардан, мавжуд ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш усулларидан хабардор қилиш мақсадида  жойларда семинарлар ташкил этилмоқда.

Маълумки, экологик масалалар мамлакатимиз, айниқса Оролбўйи минтақаси учун ниҳоятда муҳим. Шу боис семинарларда экологик вазиятни яхшилашда аҳоли томорқалари, шахсий ёрдамчи хўжаликлар эгаларининг масъулиятини ошириш баробарида зарурий билим ва маълумотлар берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА