Самарқандда хавфсиз туризм инспекторлари иш бошлади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги қарори билан Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш концепцияси тасдиқланган эди.
Мазкур концепцияда Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ИИБларида хавфсиз туризмни таъминлаш бош­қармалари ташкил этилиши, уларнинг бошлиқлари бир вақтнинг ўзида ИИБ бошлиғининг ўринбосари ҳисобланиши, шахсий таркиб эса танлов асосида, биринчи нав­батда, чет тилларни биладиган ходимлар сафидан шакллантирилиши назарда тутилган эди.
2.JPG
Самарқанд вилояти ИИБ жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи маълумотига кўра, Самарқандда ҳам хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилди. Бошқарма учун алоҳида бино ажратилиб, бугунга қадар 50 га яқин ходим ишга қабул қилинган. Инспекторлар транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланмоқда.
Ходимлар сафига Самар­қанд давлат чет тиллар институтини битираётган, инглиз, француз, япон, корейс ва бошқа хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ҳамда тарихимиз, қадимий обидаларимиз ва миллий қадриятларимиз ҳақида чуқур билимга эга бўлган талабалар ҳам суҳбат асосида қабул қилинмоқда.
Хавфсиз туризмни таъминлаш хизмати ходимлари тиббиёт қутиси, Самарқанднинг тарихий обида ва маданий объектлари схемаси бўлган кичик харита билан таъминланган. Улар асосан туристлар гавжум бўладиган жойлар, тарихий обидаларда иш олиб боришади.
1.JPG
– Бизнинг фаолиятимиз сайёҳлик масканларида хавфсиз туризмни ташкил этишдан иборат, – дейди инспектор Фотима Раҳматова. – Бу фақат сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш эмас, балки уларга зарур ёрдам кўрсатишни ҳам назарда тутади. Мисол учун, бирор-бир сайёҳнинг тоби қочса, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, шифохона ёки меҳмонхонага етказиш, адашиб қолган сайёҳларни улар излаётган манзилга кузатиб қўйиш ҳам хизмат вазифамизга киради.
Хавфсиз туризмни таъминлаш хизмати йўлга қўйилгани Самарқандга ташриф буюраётган сайёҳларга юқори сифатли хизмат кўрсатишга ёрдам беради.

 

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),ЎзА