Хабар берилганидек бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар «Давлат кадастрлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан Кадастр агентлиги Миллий географик ахборот тизимини юритиш соҳасида махсус ваколатли орган ҳисобланиши, давлат кадастрлари маълумотлари Миллий географик ахборот тизимига фақат телекоммуникация тармоқлари орқали ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда тўғридан-тўғри тақдим этиб борилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, давлат кадастрлари ягона тизимига киритиладиган давлат кадастрларининг ахборотини тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши лойиҳада ўз аксини топмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси ва унинг айрим ҳудудлари табиий-иқтисодий салоҳиятини ягона умумдавлат ҳисоб-китоби юритилишини, баҳоланишини таъминлашга қаратилган ахборот тизимлари, улардан сақланадиган, юритиладиган маълумотларнинг аниқлигини оширишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА