Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқоти бошланди.

Таъкидлаш лозимки, бундай тадбир мамлакатимиз тарихида илк маротаба ўтказилмоқда. Унда соҳани янада ривожлантириш, тизимли муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинади, тиббиёт ходимларининг таклифлари эшитилади.

Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида тиббиёт ходимлари ва аҳолидан 25 мингдан ортиқ мурожаат ва таклифлар келиб тушган. Улар таҳлил қилиниб, “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида юртимиз соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва халқимизга тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Мулоқотда “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 1000 дан ортиқ, вилоят ва туманлардаги студияларда эса жами 13 мингдан зиёд соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари иштирок этмоқда.

З.ЖОНИБЕКОВ, ЎзА