Тошкент вилояти ва Хитойнинг Чунсин шаҳри расман дўстлашди

ХХР Чунсин шаҳри Халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитасининг 18-сессияси Ўзбекистон Республикасининг Тошкент вилояти билан дўстлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда «Синхуа» хабар бермоқда.
Ахборот агентлиги маълумотига кўра, Чунсин мамлакат жануби-ғарбида жойлашган, марказга бўйсинувчи йирик шаҳарлардан биридир.
Чунсин шаҳри Халқ ҳукуматининг Хорижий ишлар девонхонаси бошлиғи Чжан Юну икки ҳудуд ўртасида дўстона муносабатлар йўлга қўйилиши иқтисодиёт, савдо, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва тажриба алмашишга, «дўстлар доираси»ни кенгайтиришга, халқаро шерикликни мустаҳкамлашга, «Макон ва йўл» доирасидаги дўстлик кўпригини барпо этишга хизмат қилишини таъкидлади.
Сўнгги йилларда Чунсин ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ва алмашинувлар чуқурлашиб бормоқда. Ўзбекистоннинг ХХРдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамда бошқа юқори лавозимли шахслари бир неча бор Чунсинга ташриф буюришди, савдо, инвестиция, шаҳар қурилиши ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорлик тўғрисида мулоқотлар олиб боришди. Бу борада қатор келишувларга эришилди.
2019 йилнинг сентябрида Чунсин ҳукумати вакиллари ҳам ўз навбатида Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб, икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш қувватлари ва инвестициялар бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.
Ўтган йил давомида Чунсин билан Ўзбекистон ўртасидаги импорт ва экспорт ҳажми 226 миллион юань (31,9 миллион доллар)ни ташкил этиб, аввалги йилга нисбатан 215,4 фоизга ошди, деди Чжан Юну.
Эндиликда мамлакатимиз ҳукумати ва Чунсиндаги корхоналар ҳамкорлигида Тошкент вилояти ҳудудида ипак саноати бўйича кластер ташкил этиш режалаштирилмоқда.

 

ЎзА