ӨзА Ташкентте жәрдемге мүтәж болған қарақалпакстанлы ҳаял ҳаққында «Сарсонлик қачонгача? Ёхуд вояга етмаган уч боласи билан Тошкентга сиғмайотган аёлнинг ҳасратлари» атамасындағы мақаланы жәриялады. Төменде сиз мақаланы толық оқыўыңыз мүмкин.

 

Жони узилмаган неварасига кафанлик кўтариб келган қайнона

Қорақалпоғистонда ўқитувчи оиласида дунёга келган аёл Нукус давлат педагогика институтини тугатиб, мактабда иш бошлади. 2006 йилда ўзининг хоҳишига қарши турмушга чиқди. Уч йилда тўрт фарзандли бўлди: икки қиз ва эгизак ўғил. Лекин нимагадир қайнонанинг «қаричига» сиғмади. Қайнона ўғлидан узоқлаштириш мақсадида келинини болалари билан ҳеч қандай шароит йўқ зах, ташландиқ бир уйга кўчириб юборди. Кўп ўтмай, зах, совуқ хонадонда кўп шамоллаган Ҳасан касалхонада вафот этди. Эри бу хабарни эшитса-да, касалхонага келишни, фарзандинининг жонсиз танасини олиб кетишни лозим топмади. Ҳатто пуштикамаридан бўлган боласини сўнгги манзилга кузатиб қўйишга ҳам ўзида куч тополмади. Қайнона эса «Барибир Ҳусан ҳам ўлади» деб ҳали жони узилмаган неварасига кафанлик кўтариб келди, холос.

Жуфтидан айрилган Ҳусаннинг ҳақиқатан ҳам аҳволи оғирлашди. Ота эса ҳамон бепарво. Онайизор боласини кўтариб, у ёқдан-бу ёққа чопди, лекин аҳволи яхшиланиши қийин бўлди. Наҳот, онаизор энди бу боласини ҳам тупроққа топширса…

«Бир сафар Ҳусаним эски кийим билан бир қўшнининг тўйига борган экан. Қайнонам буни кўриб, ҳамияти қўзғалганми, қайнукам билан уйимизга келиб, роса жанжал кўтарди. Мени уриб, ҳатто оёғимни синдирди. Ўшанда ҳам «майли бу қийинчиликлар ўтар, нима бўлса ҳам оиламни сақлаб қолай» деб ҳеч қаерга мурожаат қилмадим», дейди аёл кўзларига ёш олиб.

Шифокорлар Ҳусанни текшира-текшира сўнгги хулосани айтди: об-ҳавони ўзгартириши лозим, акс ҳолда…

Аёл уч боласи билан қаерга ҳам боради?! Зора, дардни берган Худо шифосини ҳам берса, деган ниятда она жигарлари ёрдами билан даволашни давом эттирди. Мактабдан бўш вақтида далага чиқди, сув кечиб шоли экди.

 

Эркаклигини унутган эркак

2012 йилда аёлнинг турмуш ўртоғи Россияга ишлагани кетиб, у ерда бошқа бир аёл билан топишди. Эрининг рўзғорга ёрдами тегмаётган бўлса-да, аёл болаларини отасиз ўстиргиси келмай, тишини-тишига босиб чидади, бир кун қайтиб келишини кутди.

– Мен ҳамиша эл олдида чиройли, ҳеч кимдан кам бўлмаган оилам бўлишини орзу қилардим ва шунга интилардим, – дейди аёл кўзларига яна ёш олиб. — Эрим буткул бизни унутди. Камига топган аёли билан тушган бўлмағур суратларини жўнатиб, бора-бора мени ҳам касал қилди. Юрагим тез-тез безовта қиладиган бўлиб қолди, даволаниб ҳам чиқдим. Эримнинг яқинлари эса уйимизга келиб йўқ нарсадан жанжал чиқаришни канда қилмасди. Болаларим учун ҳаммасига чидашга мажбур эдим.

Ниҳоят, қайнонам бизни шароити йўқ уйдан ҳам ҳайдади. Бу орада Ҳусанимнинг соғлиғи янада ёмонлашди. Энди дори-дармон ёрдам бермай қўйди. Шифокорлар «Агар тезда ўғлингни бу ердан олиб кетмасанг, ундан ҳам айрилишинг тайин», — деди узил-кесил. Ташвишлар билан бўлиб, микроинсультни ҳам оёқда ўтказиб юборган эканман.

Чиққан қиз чиғириқдан ташқари, деганларидек уч болам билан ота уйимда ҳам узоқ яшолмасдим. Бу орада аҳволимдан хабар топган Тошкентдаги қариндошим пойтахтга келишимни, ишласам мактабда иш борлигини айтиб қолди.

 

Аёлнинг пешонаси ҳақиқатан ҳам шўр (ми?)

Фарзандим соғлиғи учун Тошкентга келиб, Бектемир туманида уч болам билан ижарада яшай бошладим. Ишга кирдим. Худога шукр, Ҳусанимнинг соғлиғи аста-секин тиклана бошлади. Бу мен учун энг катта бахт эди. 2016 йилда эрим билан қонуний ажрашдим. Уларга мол-мулк бўйича ҳам ҳеч қандай даъво қилмадим.

Қийинчиликлар ҳали олдинда экан. Топганим рўзғорга зўрға етарди, ижарага топсам, қорнимиз оч қоларди. Маҳаллага мурожаат қилишдан фойда йўқ эди. Чунки бу ерда рўйхатда турмайман. Камига «участковой» хабар топиб қолса, ижара уйини муҳрлаб, мени жаримага тортиши турган гап эди. Ноилож фарзандим соғлиғи учун алиментнинг бирини олиб, бирини олмай, «пешонам шўр экан» дея кунни кунга улаб яшай бошладим.

2016 йилнинг май ойида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовга уй-жой масаласида, яъни имтиёзли кредит асосида уй сўраб хат йўлладим. Хатнинг жавоби Тошкент шаҳар ҳокимлигига келган экан, улар эса Бектемир туман ҳокимиятига жўнатди. Мактубда ҳозир уй-жой ажратишга имконият йўқлиги айтилиб, рад жавоби берилган эди.

2017 йилнинг апрель—май ойларида Президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим. Хат яна Бектемир тумани ҳокимиятига келиб тушди ва яна аввалгидек жавоб қайтарилди. Шундан сўнг ёзишдан фойда йўқлигини билиб, жон-жаҳдим билан ишлай бошладим. Лекин энди ўзимнинг соғлиғим панд бера бошлади.

 

«Наҳот фарзандларимни ташлаб кетсам…»

Фарзандларимга яхши таълим-тарбия бериб, она деган буюк номга эга бўлишга ҳаракат қилиб юрган кунларимда 1 килою 200 грамм вазн билан туғилган Ҳусаним мамлакатимиз миқёсида ўтказилган «Ўзбек жанг санъати» мусобақасида учинчи бор фахрли 1-ўринни эгаллади. Шу уч нафар қоракўзимни Ватанимизга, халқимизга нафи тегадиган инсонлар бўлишини бутун дунё оналари каби орзу қиламан. Бунинг учун ҳар қандай қийинчиликни енгишга тайёрман.

Аммо юрак оғриғим етмаганидек, аёлларга хос хасталик ҳам кун сайин безовта қила бошлади. Шифокорга кўринишга эса рўзғордан орттиролмайман, бу ёқда ижара пули. Уй эгаси: «Бир кун кечиктирсанг, уч боланг билан кўчага ҳайдайман!» деб ҳар сафар дағдаға қилиб кетади. Баъзан оғриқ кучайганда ишга ҳам чиқолмай қоламан. Шу кетишда бир кун фарзандларимни ташлаб кетишни ўйласам… қўрқиб кетаман.

 

Ҳуқуқлардан мосуво қилинаётган аёл

– Барибир фойдаси йўқ, мурожаат қила-қила чарчадим, энди пешонамдан кўраман, – дейди аёл яна кўзларига ёш олиб.

– Чиқмаган жондан умид, ҳаракат қилиб кўрайлик, ўзингизни ўйламасангиз уч болангизни ўйланг. Сиз охирги марта 2017 йилнинг май ойида мурожаат қилган экансиз. Ҳозир вазият буткул ўзгарди. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қиляпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳномалигида кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож одамлар, айниқса, аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг чек-чегараси йўқ, — дея Президентнинг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда унга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорини эслатдим.

– Тўғри, Президентимизнинг аёлларга кўрсатаётган ёрдами чексиз бўляпти, эшитяпман, кўряпман, лекин менга келганда… Айбим, Тошкентда доимий рўйхатда бўлмаганим. Шу уч боламни деб Тошкентга келиб қолдим. Агар Ҳусанимнинг соғлиғи кўтарганида эди…

– Сиз Ўзбекистон фуқаросисиз, Тошкентда рўйхатингиз йўқ дегани, бу ерда яшашга, уй-жойга эга бўлишга ҳаққингиз йўқ, дегани эмас. Қолаверса, мактабда ишлар экансиз. Халқ таълими вазирлиги ҳам Тошкент шаҳрида доимий рўйхатга ўтиш ҳуқуқига эга идоралар рўйхатига киритилган.

– Ростини айтсам, бўлмайдиган иш учун яна идорама-идора югуриб, бекорга йўл кирага пул сарф қилгим ҳам келмаяпти.

Хуллас, аёлни норасида уч боласи учун яна «қоғозбозлик» қилишга кўндирдим. «Шу ишингизни ҳал қилиб бераман деб ваъда бермайман-у лекин ҳаракат қиламан», дедим мен ҳам бу иш ҳал бўлишига ишониб-ишонмай.

Биринчи мурожаатни бевосита аёллар ва болалар тақдирига масъул бўлган идора — хотин-қизлар қўмитасига қиладиган бўлдик.

Аёл бошидан ўтказган воқеаларни яна бир-бир қоғозга тушириб, бу масалада қилинган мурожаатлар, эридан ажрашгани ҳақидаги суд қарори, фарзанди ва ўзининг соғлиғи жойида эмаслиги ҳақидаги тиббий маълумотномалардан нусха олиб, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева номига хат ёзиб, шу йилнинг 28 февраль куни қўмитанинг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари бўлимига топшириб келди.

 

Хотин-қизлар қўмитаси аёл тақдирига шунчалик ҳам бефарқ бўладими?

Орадан ўн кун ўтди. «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра, Хотин-қизлар қўмитаси бу муддат ичида аёлга жавоб қайтариши лозим эди. Лекин жавоб бўлмади. Орадан 20 кун ўтди. Қўмита ҳамон жим. Ноилож бунга ўзим аралашдим. Мурожаатлар бўлимига қўнғироқ қилиб, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунни эслатдим. Журналистлигимни айтганимдан сўнг бўлим бошлиғининг шахсий рақамини берди. Бўлим бошлиғи (исм-шарифини келтирмадим, гап эгасини топади) эса: «Аёлнинг исм-шарифини айтинг, тезда жавоб қайтарамиз», деди. Айтган маълумотларни тезда етказдим.

Орадан яна ўн кун ўтди. Мурожаатчи аёлга қўнғироқ қилсам, ҳамон жавоб бўлмаганини маълум қилди.

«Қўйинг, барибир натижа чиқмайди», — деди аёл йиғламоқдан бери бўлиб.

 

Алдагани журналист яхши экан

Эртаси куни Хотин-қизлар қўмитаси Мурожаатлар бўлими бошлиғининг қўл телефонига бир неча бор қўнғироқ қилдим, жавоб бўлмади. Индинига ҳам шундай ҳолат бўлди. Жаҳлим чиқиб, қўмита ўринбосарлари қабулхоналарига бир-бир сим қоқдим қани энди гўшакни кимдир кўтарса. Ноилож раис Танзила Норбоеванинг қабулхонасига қўнғироқ қилдим, афсус у ерда ҳам ҳеч ким гўшакни кўтармади.

Ҳақиқатан ҳам энди нима қилишни билмай ўзимнинг ҳам бошим қотди.

Ноилож Мурожаатлар бўлими бошлиғининг телеграм каналидаги манзилига қуйидаги мазмунда хабар қолдирдим:

«Вояга етмаган уч боласи билан оғир шароитда яшаётган аёлнинг мурожаатига бир ойдан бери жавоб қайтарилмади. Журналист сифатида бу ҳақида ўзингиз билан ҳам гаплашган эдим. Демак, бундан кўриниб турибдики, мамлакатимизда аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир шароитда Қўмита барча аёлларнинг мурожаатига ҳам бирдек жавоб қайтармайди. Бу матбуотда ёзишга арзигулик мавзу».

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай бўлим бошлиғидан жавоб келди. Менга қўнғироқ қилай деса рақамимни сақламаганини айтиб, узрини сўради. Мурожаат қилган аёлнинг телефон рақамини сўраб: «Албатта, аёл билан боғланиб, бу масалани ижобий ҳал қилишга ҳаракат қиламан» деган жавобни айтди. Бундан хурсанд бўлиб, аёлнинг шахсий рақамини бердим. Лекин…

 

Ҳолва деган билан оғиз чўчимас экан

Орадан икки кун ўтгач аёл билан боғланиб, қўмитадан қўнғироқ бўлган, бўлмаганини сўрадим. «Йўқ» деган жавобни берди. «Барибир қўнғироқ қилмайди, уларда менинг телефон рақамим бор эди, мурожаатимда ёзиб қолдирганман», деди аёл мени ҳайрон қолдириб. Наҳот шунча гапдан сўнг ҳам қўнғироқ қилмаса?!

Орадан яна беш-олти кун ўтди. Лекин қўмитадан на жавоб, на қўнғироқ бўлди.

Шундан сўнг аёлга Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзАнинг Мурожаатлар бўлимига учрашишни маслаҳат бердим. Аёл шу куни ЎзАга бориб, мурожаат қолдирди.

Орадан бир неча кун ўтиб, ЎзАдан аёл мактуби келди. Унда агентлик аёлнинг мурожаатини Хотин-қизлар қўмитаси ва Халқ таълими вазирлигига йўналтиргани маълум қилинган эди.

Хотин-қизлар қўмитаси ЎзАдан келган хатни эътиборсиз қолдирмади. Хатни Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитасига, улар эса аёл ҳозир яшаётган Яшнобод тумани ҳокимиятига жўнатибди.

Мурожаатчи аёл маҳалла орқали туман хотин-қизлар қўмитасига чақирилди.

Аёлнинг билдиришича: «Бир мутахассис чиқиб: «Нега бизга ёзмай, тепага ёзасиз», деб жаҳл қилди ва кутиб туринг, деб ичкарига кириб кетди. Орадан анча вақт ўтиб қайтиб чиқди ва қўмита бошлиғининг мени қабул қилишга вақти йўқлигини айтиб, қўлимга жавоб хатини тутқазди. Унда бу масала бўйича доимий рўйхатдаги манзилим бўйича туман хотин-қизлар қўмитасига мурожаат этишим лозимлиги айтилган эди».

Шу билан Хотин-қизлар қўмитаси аёлнинг мурожаатига нуқта қўйди ва ўзини «оқлади». Лекин муаммо муаммолигича қолди ва янада хуруж олмоқда.

 

Аслида бу мурожаат қандай ҳал қилиниши лозим эди?

Менимча, Хотин-қизлар қўмитаси мурожаатга бу тарзда нуқта қўймаслик керак эди. Аввало Халқ таълими вазирлиги билан маслаҳатлашиб, бу муаммо ҳал бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар аёлни Тошкент шаҳрига рўйхатга қўйиш-қўймаслик ва уй-жой билан таъминлаш масаласи билан жиддий шуғулланиб кўриши лозим эди.

Балки Танзила Норбоеванинг бу мурожаатдан умуман хабари йўқдир. Хабар топганида бу муаммога ечим топишга ҳаракат қилган бўларди, дегимиз келади-ю, лекин деёлмаймиз.

Қўмита доимий рўйхатга қўйиш ёки уй-жой масаласида кўмак беролмаган тақдирда ҳам аёлга, онаизорга ижтимоий ёрдам кўрсатиб, аввало соғлиғини жиддий текширувдан ўтказишга ёрдам кўрсатиб, уйига келиб «алдагани бола яхши» қабилида бўлса ҳам болалари ҳолидан хабар олиши керак эмасмиди. Бундай «қўл учидаги эътибор»дан онанинг кўнглини бироз бўлса-да кўтариб, тобора сўниб бораётган яшашга, эртанги кунга бўлган умидини уйғотса бўларди-ку!

Президентимизнинг «Уйма-уй юриб, одамларнинг муаммоларини ўрганинглар, фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишончини оширинглар» дея қилаётган даъватлари наҳот бееътибор қолаётган бўлса.

«Қўмитага мурожаатимни топшириш вақтида бир хоразмлик аёл билан гаплашиб қолдим. Етти йилдан буён шу масала бўйича мурожаат қилаётган экан», — дейди аёл.

Хотин-қизлар қўмтаси «Тошкентда рўйхатдан ўтмай, уй-жой сўраб мурожаат қилган аёлларнинг сон-саноғи йўқ. Қайси бириникини ҳал қилиб берамиз», дея ўзини оқлаши мумкин. Аммо ҳеч бириникини ҳал қилмаслик ҳам инсофдан эмас.

 

Наҳот тегишли идоралар шундан кейин ҳам «уйғонмаса»

Аслида бу ҳақида матбуотда бонг урмоқчи эмас эдим. Хотин-қизлар қўмитаси эътиборсизлигини кўриб, бу масаланинг ижобий ечим топишига энди ўзимнинг ҳам ишончим сўниб бораётган бўлса-да, лекин касалманд аёл ва унинг уч нафар боласини «айтганингиздек ҳал бўлмас экан», дея умидсиз қолдиргим келмади.

Зора, ушбу чиқишдан кейин тегишли идоралар «уйғониб», бу масала билан жиддий шуғулланса. Ахир аёлнинг ҳам Тошкентда яшашга, яратилаётган имкониятлардан фойдаланишга ҳаққи бордир.

Агар мутасадди ташкилотлар аёлнинг, унинг ортидаги вояга етмаган уч норасида боласининг тақдирига бефарқ бўлмаса бу ҳал қилиб бўлмайдиган масала эмас. Масала ҳал қилинмаган тақдирда ҳам аёл барибир Қорақалпоғистонга қайтиб кетмайди. Ахир аёл зоти фарзандининг яшаши, соғлиғи учун ҳатто жонини беришга ҳам тайёр. Шуни унутмайлик.

 

Қарақалпақстан хабар агентлиги