Ўзбекистон ва Қирғизистон темир йўл компаниялари темир йўллар орқали ташилаётган товарлар учун алоҳида чегирмалар жорий этиш бўйича келишувларга эришди. Бу ҳақда “Қирғиз темир йўллари” миллий компанияси расмий веб-сайтида хабар берилди.

Хабарда темир йўллар орқали ташилаётган юкларга 30 фоизгача чегирмалар берилиши айтилмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти “Қирғиз темир йўллари” миллий компанияси тепловоз ва юк вагонларини имтиёзли таъмирлаш, эҳтиёт қисмларини етказиб беришга хайрихоҳлик билдирган.

Икки давлат темир йўл компаниялари ўртасида ўтказилган музокаралар чоғида, шунингдек, йўловчи ташувчи поездлар қатновини муваффақиятли амалга ошириш юзасидан ҳам истиқболли режалар белгилаб олинган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбековнинг 2017 йил 13-14 декабрь кунлари мамлакатимизга ташрифи доирасида бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланганди. Жумладан, икки мамлакат раҳбарлари “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилишини имкон қадар тезлаштириш масаласини келишиб олганди.

 

ЎзА