Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилангани жаҳон ҳамжамияти, айниқса қўшни мамлакатларда катта қизиқиш билан кутиб олинди ва кенг маъқулланмоқда. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА қўшни мамлакатлар ахборот агентликлари билан ҳамкорлик доирасида кенг жамоатчиликни минтақанинг таниқли давлат ва жамоат арбоблари, оддий фуқароларининг ушбу мавзуга доир фикр-мулоҳазалари билан танштириш мақсадида материаллар тайёрлади. Қуйида «Казинформ» ХАА томонидан ЎзА учун махсус тайёрланган мақола келтирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз байрами нишонланаётган кунларда Остонага уюштирган илк давлат ташрифи давомида жуда муҳим келишувларга эришилди, кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Таъкидлаш жоизки, Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил июнь ойида Остонада бўлиб ўтган ШҲТ саммити ва ЭКСПО – 2017 халқаро ихтисослашган кўргазмасининг очилишидаги иштироки Қозоғистон учун жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Жорий йил сентябрь ойида Президент Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтарди. Қозоғистон Президентининг ташрифи чоғида ҳам муҳим келишувлар, жумладан, мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга доир битим имзоланди.

Ушбу ташрифлар ва давлатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари самарасида мамлакатларимиз ишбилармон вакиллари ўртасидаги алоқалар ҳам фаоллашди. Президентларнинг ўзаро ташрифлари давомида бизнес-форум ва тадбиркорлар учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу тадбирларда қарийб 1,2 миллиард АҚШ долларига тенг шартнома ва битимлар имзоланди. Бу савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштиришда муҳим омил ҳисобланади.

Ноябрь ойида Самарқандда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қайрат Абдраҳмоновнинг ташрифи доирасида Қозоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида учта мамлакат давлат чегараларининг туташган ҳудуди тўғрисида шартнома имзолангани якунига етаётган йилнинг муҳим воқеаси бўлди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, чегаралар, бошқа соҳалар бўйича эришилган келишувлар алоқаларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда мустаҳкам шартнома-ҳуқуқий асослар яратади. 2017 йилнинг муҳим воқеаларини таҳлил қилар эканмиз, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда икки томонлама муносабатларда мавжуд улкан салоҳиятдан тўлиқ фойдаланишга интилишдан иборат алоқаларимизнинг янги босқичи бошланди, деб ишонч билан айта оламиз. Бундай алоқалар савдо айланмаси кўрсаткичлари ўсишига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида ўзаро товар айирбошлаш 1,5 миллиард АҚШ долларидан ошди, бу 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоиз кўпдир. Савдо муносабатларининг бу тарзда мустаҳкамланишидан Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам бирдек манфаатдор. Айни пайтда мамлакатларимизнинг бу борадаги салоҳияти тўлиқ ишга солинмаганини ҳам айтиш жоиз.

Давлатларимиз раҳбарлари томонидан эришилган келишувларни амалга ошириш турли йўналишдаги ҳамкорлик ривожида янги имкониятлар очади. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз. Бу борада аниқ ишлар амалга оширилмоқда. Ўйлайманки, келгусида парламентлараро муносабатларимиз янада фаоллашади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон – минтақадаги етакчи мамлакатлардир. Давлатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорлик, мустаҳкам савдо-иқтисодий алоқалар Марказий Осиёдаги иқтисодий вазиятга ижобий таъсир кўрсатади. Шу боис, ўзаро муносабатлар нафақат мамлакатларимиз, айни пайтда бутун Марказий Осиё минтақаси манфаатларига хизмат қилади, деб ўйлайман.

Янги йилда фаол ишлашимиз лозим бўлган қатор йўналишлар мавжуд. Минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда мамлакатларимиз халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашишда фаол иштирок этмоқда. Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида давлат чегараларини демаркация қилиш жараёнини якунлаш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Умуман, Ўзбекистон билан чегара бўйича ҳеч қандай баҳсли масалалар йўқ. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан давлат чегараларини демаркация қилиш жараёнини якунлашга доир техник ишлар амалга оширилмоқда. Сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим йўналишлардан бўлиб, бу борада биргаликда ишлаймиз.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожи давлатларимиз ва халқларимиз манфаатларига хизмат қилади. Бугунги кунда янги босқичда тараққий этаётган ўзаро манфаатли ҳамкорлик келгусида Ўзбекистон учун ҳам, Қозоғистон учун ҳам, умуман, Марказий Осиё учун ижобий натижаларини беради, деб ҳисоблайман. Ўзим номимдан, Қозоғистон парламенти аъзолари номидан шуни таъкидламоқчиманки, биз мамлакатларимиз амалга ошираётган лойиҳа ва амалий ишлар рўёбига фаол кўмаклашамиз ва уларни қўллаб-қувватлаймиз.

 
Маулен Ашимбаев,
Қозоғистон Республикаси
Мажилисининг Халқаро ишлар,
мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси.
“Казинформ” ЎзА учун махсус.