2017 йилнинг 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2017 йил 5 сентябрда Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган “Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида”ги битим кучга кирди.

Шартнома икки мамлакат минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш, сайёҳлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантиришга қаратилган.

Ҳужжатда маҳаллий даражада ўзаро алоқаларнинг муҳим масалаларини ўз вақтида тартибга солиш мақсадида икки давлат минтақаларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг ҳар чоракдаги учрашувларини ўтказиш назарда тутилган.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан www.lex.uz сайтида танишиш мумкин.