Фото: хумдаги ёзув (мил. авв. V аср)

Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида Марказий Осиёдаги энг қадимий ёзув сақланмоқда. Бу ёзув милоддан аввалги V асрга тегишлидир, яъни 2500 йиллик тарихга эга.

1976-1977 йилларда профессор М.Мамбетуллаев раҳбарлигидаги археолог-олимлар гуруҳи Катта Айбуйирқалъани қазиш пайтида 3та катта хум топиб олади. Бу хумларнинг сув ва дон сақлаш учун ясалганлиги аниқланади. Хумларнинг бирида тиғ билан битилган ёзувлар мавжуд эканлиги маълум бўлади. Яъни, бўйи 1 метр келадиган ўтда пиширилган хумдаги Қадимий Хоразмга тегишли бу ёзувлар Марказий Осиёда энг эски ёзув сифатида фанда қайд қилинган эди.

Олимлар шу пайтгача Қадимий Хоразм ҳудудидаги энг эски ёзув дея Қўйқирилганқалъа (Элликқалъа тумани ҳудудида жойлашган)да топилган идишдаги ёзувни ҳисоблаб келганди. Қўйқирилганқалъадаги бу ёзув эса милоддан аввалги III-II асрга тегишли арамей ёзуви бўлиб топилади. Кейинчалик С.П.Толстов рахбарлигидаги экспедиция томонидан ҳозирги Элликқалъа тумани ҳудудида жойлашган, қадимий хоразмшоҳлар шаҳри – Тўпроққалъада ҳам милодий III-IV асрларга тегишли ёзувлар топилган.

Катта Айбуйирдан топилган, Хоразм ёзувининг энг қадимий нусхаси ҳисобланган хумдаги ёзувни форс тили бўйича мутахассис, бутун дунёга машҳур тилшунос олим В.А.Ливщиц «mri XI h III.III. III.» деб ўқиган, яъни «11 мари 9х». Бу хумнинг сиғимлилик ҳажмини билдиради. «Mari» ўлчов бирлиги Эронда қадимий ахаманийлар давридан маълум бўлган. Қадимий манбалар ўни «maris» деб номлаган. 1 мари 16,5-17 литрга тўғри келган. «9х» эса 1 маридан камроқ ўлчамни билдирган. Демак, хумнинг сиғимлилик ҳажми деярли 200 литрга яқин.

Фото:Хумнинг реставрациядан кейинги кўриниши

Хумни топган олимлар ўни реконструкция қилиб, ичига сув қўйиб кўрганда 195,5 литр сув сиғган. Шундай қилиб, хумдги ёзув унинг сиғимлилик ҳажми билан мос келган.

Хум бир жойдан иккинчи жойга кўчирилиши пайтида синганлиги сабабли ҳозирги кунда бу бетакрор эсдалик реставрацияга муҳтож.

Фото: Хумнинг ҳозирги ҳолати

Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимида бу каби ажойиб эсдаликларнинг мўл базаси яратилган. Лекин, қўлай кўргазма жойи бўлмаганлиги боис, кўпчилик бу эсдаликларни кўриш имкониятига эга эмас.

Мавжуд тарихий ва маданий меросларимиздан мақсадли фойдаланишимиз керак, бу ўз навбатида юртимизда туризмни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиши табиий, албатта.

Олдаги вақтлари Қадимий Хоразм цивилизацияси бешиги бўлган Қорақалпоғистон ҳудудида археология музейи ҳам қад ростласа,  катта савоб ишга асос солинган бўлар эди.

 

Есимқан Қанаатов

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг