Шавкат Мирзиёев: Бундай маънавий хазина бошқа ҳеч қаерда йўқ

Шавкат Мирзиёев: Бундай маънавий хазина бошқа ҳеч қаерда йўқ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифини Ғиждувон туманидаги Абдухолиқ Ғиждувоний ёдгорлик мажмуасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошлади.

Абдухолиқ Ғиждувоний 1103 йили Ғиждувон шаҳрида таваллуд топган. Аллома ислом оламида машҳур тасаввуф намояндаси Юсуф Ҳамадонийдан таълим олган. Бухоро заминидан етишиб чиққан “Етти пир”нинг биринчиси ҳисобланган Абдухолиқ Ғиждувоний мангу ором топган маскан бугунги кунда табаррук зиёратгоҳга айлантирилган.

Давлатимиз раҳбари вилоятга аввалги ташрифи чоғида Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Ориф Ревгарий, Али Ромитаний, Бобойи Самосий, Маҳмуд Фағнавий, Саййид Амир Кулол меъморий мажмуаларини ўз ичига олган “Етти пир” зиёратгоҳини замон талаблари даражасида реконструкция қилиш ва ушбу табаррук қадамжоларни боғловчи янги сайёҳлик йўналиши ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Шунга мувофиқ “Етти пир” зиёратгоҳларида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуасида 1 минг 600 кишилик янги масжид ва ёзги айвон, хазира ёдгорлиги ва зиёратгоҳ қошида меҳмонхона қурилмоқда, мажмуа атрофи ободонлаштирилмоқда.
Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараси зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
25bce75f-622a-f219-0e62-47f85ad68d23.jpg
Президентимиз мақбарада амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирди. Бу ерга имом-хатибларни жалб этиб, уларга алломаларимиз маънавий меросини чуқур ўргатиш, халқимизга етказиш бўйича топшириқлар берди.

Шу ерда “Етти пир” зиёратгоҳларида олиб борилган ва давом этаётган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди.

Мазкур зиёратгоҳлардаги бунёдкорликлар улуғ алломаларимиз меросини жаҳонга тарғиб этиш ва бу ерга келувчилар учун барча қулайлик яратиш мақсадида ягона концепция асосида олиб борилмоқда. Барча зиёратгоҳлар атрофи ўралиб, таҳоратхона, масжид, музей, меҳмонхона, чойхона, автомобиллар тўхташ жойлари, эсдалик буюмлар ва китоб савдо расталари барпо этилмоқда, ҳудуд тўлиқ ободонлаштирилмоқда.

Энг муҳими, Президентимиз ғояси асосида “Етти пир” мажмуаларини зиёрат қилиш битта йўналишдан бошланади. Яъни вилоятга ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспортида келган саёҳатчилар зиёратни Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ёдгорлик мажмуасидан бошлайди.

Давлатимиз раҳбари бу масканларни обод қилиш билан бирга «Етти пир» ҳақида китоб яратиш, уларнинг илмий меросини тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади.

– Бундай маънавий хазина бошқа ҳеч қаерда йўқ. Бу хазинани мукаммал ўрганиш, одамларга, ёшларга осон тилда етказиш керак. Мақсадимиз – ёшларимиз ўзимизнинг алломаларга эргашсин, меросини билсин, улар билан фахрлансин.

4fdeb099-c8ac-5de9-a29f-b9af19452175.jpg
Мамлакатимизда маърифий исломни ривожлантириш, буюк алломалар мақбараларини обод қилишга қаратилаётган эътибор халқаро миқёсда тан олинмоқда. Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ISESCO томонидан Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинди.

Президентимиз бу санага юқори даражада тайёргарлик кўриш, унинг доирасидаги тадбирларни Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги билан ҳамоҳанг нишонлаш, халқаро илмий конференция ўтказиш бўйича кўрсатмалар берди.

48a2c3df-b8be-5dab-0021-6abc574b3fdd.jpg
a13f9ec2-c00a-6e53-40af-de023530c94c.jpg

 

Матназар Элмуродов, ЎзА

  29.03.2019, 15:23  |    60 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!