Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ташкиллаштириши билан республикамизда икки кун давомида «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» халқаро экофестивали, Бердақ ва Ажиниёз шоирларнинг халқаро шеър ва мусиқа фестивали, «Орол балиқларидан 99 турли таомлар» гастрономик фестивали бўлиб ўтди.

Тадбирнинг иккинчи куни  Мўйноқ туманида давом этди. Тумандаги «Мадели» ОФЙ ҳудудидаги «Кўк сув» кўли бўйида «Орол балиқларидан 99 турли таомлар» гастрономик фестивали бўлиб ўтди.

Ажойиб манзарага эга «Кўк сув» кўли бўйи ҳақиқий байрамга айланди. Тадбир иштирокчилари моҳир ошпазлар томонидан тайёрланган балиқ таомларининг, миллий ҳунармандчилик, қўл меҳнати намуналарининг кўргазмалари билан танишди. Катерларде сайёхат қилиб, санъат усталарининг концерт дастурини томошалади.

Шу муносабат билан ўтказилган танловга Қорақалпоғистон Республикасидан ва Хоразм вилояти жамоат овқатланиш корхоналаридан 70 дан ортиқ ошпаз, касб-ҳунар колледжларида пазандалик соҳаси бўйича таълим олаётган ўқувчи ёшлар, уй бекалари ўзларининг балиқдан тайёрланган 112 турли таоми билан қатнашди.

Байрам тадбирларига юртимизнинг барча жойларидан меҳмонлар, хорижий давлатлар сайёҳлари ҳам иштирок этишди.

 

Д.Абибуллаев

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси

Фото: М.Хабибуллаев