Анқарада Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамкорлигида Туркиянинг етакчи тадқиқот марказлари билан учрашувлар ташкил этилди. 

Туркия ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар марказида ташкил этилган давра суҳбати давомида 2017 йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркияга амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасида ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб берганлиги таъкидланди. Тошкент ва Анқара ўртасидаги муносабатлар стратегик, кўп қиррали ва узоқ муддатли тус олганлиги эътироф этилди.

Шунингдек, туркиялик экспертлар қайд этганларидек, икки давлат раҳбарларининг икки томонлама стратегик ҳамкорлик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги қарорлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади. Шу жиҳатдан мазкур Кенгашнинг 2019 йилда бўлиб ўтадиган биринчи йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Анқарага расмий ташрифини Туркия томони интиқлик билан кутмоқда.

Умумий қилиб айтганда, йилдан йилга давлатларимиз ўртасида савдо ҳажми ўсиб, виза тизимининг бекор қилинганлиги сабабли туркиялик сайёҳлар сони ҳам ортди. Шу билан бир қаторда давлатларимиз ўртасида йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА