Малоҳат ва нафосат муҳиблари куз фаслини ўзгача қадрлашади. Бу фасл, айниқса, ижодкор қалблар учун нажиб бир илҳом бахш этади. Айни маънода пойтахтимизда 21-26 ноябрь кунлари ўтказиладиган фаслнинг энг кутилган ва жозибали воқеаси – Тошкент Мода ҳафталиги доирасида бўлиб ўтадиган хорижий ва маҳаллий дизайнерларнинг мароқли “Мастер-класс”лари, шунингдек, тўқимачилик ва кийим-кечак кўргазмалари барчада катта таассурот қолдириши аниқ. 
Тадбирнинг асосий ташкилотчиси Ўзбекистон Республикаси дизайнерлари ассоциацияси – “Осиё рамзи“ бўлиб, туркум тадбирларга дунёнинг бир неча давлатларидан етакчи дизайнер, экспертлар ҳамда меҳмону мутахассислар ташриф буюриши кутилмоқда.
2f746bda-daf1-4c21-8cf9-8e5571d275f4.jpg
ЎзА мухбирининг, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ўқув ишлари бўйича проректори, “Осиё рамзи” дизайнерлар уюшмасининг раиси, техника фанлари доктори, профессор, “Меҳнат шуҳрати“ ордени совриндори Холида КОМИЛОВА бўлган суҳбати айни шу мавзуга бағишланади.
— Холида Ҳафизовна, тез кунларда мамлакатимизда Мода ҳафталиги иш бошлайди. Бу тадбирнинг устувор йўналишлари нималардан иборат?
— Тошкент Мода ҳафталигининг муҳим жиҳатларидан бири – халқимизнинг менталитети ва ёшларнинг дидини шакллантиришдаги ролини инобатга олиш саналади. Дастур тақвим режасига кўра олти кун ичида: Миллий либослар фестивали, Тошкентдаги модалар намойиши (Tashkent Fashion Performanse), ёш дизайнерлар танлови (# beyoung), маҳаллий ва хорижий дизайнерларнинг кўргазмали чиқишлари, хайрия акцияси каби унутилмас тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган. Ўзбекистонда илк марта Мода ҳафталиги доирасида Хитой элчихонаси билан биргаликда дизайн ва соҳа бўйича инновацияларга бағишланган «Хитой модаси куни» ўтказилади. Профессионал Мода ҳафталиги либослар оламида ўзбек мода брендини тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, дизайнерларга ўз коллекцияларини намойиш этиш ва томошабинларга замонавий мода анъаналарини баҳолаш имкониятини беришдан иборат бўлган соҳа индустриясининг ўзига хос ҳодисасидир.
4234856.jpg
ТМҲ дизайнерларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантиришга, янги номларни аниқлашга, ёш дизайнерлар учун кенг истиқболларни очишга ёрдам беради. Мода ҳафталигининг тадбирлари профессионал муҳитни шакллантиришга, глобал мода саноатининг халқаро ҳамкорлик ҳудудини яратишга қаратилган. Мазкур мода ҳафталиги ўзаро ижодий алоқаларни йўлга қўяди ва кенгайтиради, жаҳон бизнес жамиятининг мода индустрияси соҳасидаги эътиборини кучайтиради. Шунингдек, соҳага оид илмий изланишлар ва ишлаб чиқариш салоҳияти ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиради.
Аслида, Миллий Либос фестивалимиз 2006 йилдан буён ўтказиб келинади. Бу лойиҳанинг асосий мақсади – ўзимизнинг асрлар оша яшаб келаётган, муқаддас қадрият даражасида улуғланадиган анъанавий, миллий либосларимизни асос қилиб, замонавий либосларни яратишдан иборат. Чунки, либосни яратишда илдизни, ўзликни унутмаган ҳолда ҳар бир элементларни тўғри ишлатиб, замонавий мода йўналишига мос равишда ёндашиш керак. Мана бир неча йилдирки, бу каби тадбирларимизга чет элдан кўзга кўринган дизайнерлар ташриф буюради ва ҳар гал ҳайрат ва ҳаяжонларини яширолмайдилар… Бир гал, Милан Мода палатасининг президенти Марио Бозелли шундай дегани ҳали-ҳануз ёдимдан чиқмайди: «Бизда Италияда ҳам бор миллий кийим. Лекин замонавийлик билан шу даражада уйғунлашмаган. Ҳаммаси ўз ҳолича қолган. Дунёда биронта миллат йўқки, ўзининг миллий либосларини ўзбек миллати каби шу даражада замонавийлик билан уйғунлаштириб кўрсатиб берадиган!»
Бундайин эътирофдан кейин қувонмай бўладими?!
— Юртимизда ҳам мода оламига кун сайин ёш дизайнерлар кириб келаяпти. Улар ҳақида нималар дея оласиз?
— Албатта замонавий ёш дизайнерларнинг ҳам ишини кўришимиз керак! Уларнинг ғояларини, фантазияларини тушунишимиз, англашимиз шарт ва зарур. Балки улар яратган фасонларни кундалик ҳаётда кийиб бўлмас, лекин биз уларнинг ботинидаги яратувчанлик қобилиятини кўришни хоҳлаймиз ва ўқиш жараёнида уларга кенг имконият яратиб берамиз. Улар яратган либослар қоғоз шаклида ҳам бўлиши мумкин. Биз уларга қаттиқ талабларни қўймаймиз, ўзлари ўйлаган, кўзи етган нарсаларни яратишади. Бу биринчи кун бўладиган намойиш. Бу ерда биз фақат ёш дизайнерларнинг ишларини кузатамиз. Яна бир гап, Мода ҳафталигида биз Ўзбекнинг ҳақиқий брендларини кўрсатишимиз керак. Худога шукур, бугунги кунда Ўзбекистонда кўзга кўринган, ишларини жаҳон саҳнасида кўрсатишга арзийдиган дизайнерларимиз бор! Тошкент Мода ҳафталигида ҳар битта дизайнер ўзининг 45 50 та тўлиқ миллий кастюмлар муаллифлик ишларини намойиш этишади.
3-_1_.jpg
Таъкидлаш ўринлики, мутахассислар мухлислар томонидан бу намойишлар йилдан-йилга ўзининг муносиб баҳосини олиб келмоқда ва борган сари янгиланиш, такомиллашиш, маъно ва мазмун жиҳатидан тобора мукаммаллашиб бормоқда десам, муболаға қилмаган бўламан. Бир сўз билан айтганда, ушбу Мода ҳафталиги истеъдодли, қобилиятли, ёрқин ва оригинал дизайнерлар, ҳунармандлар ва мутахассисларни юзага чиқаради ва бирлаштиради.
Тошкент Мода ҳафталигининг асосий мақсади – жаҳон модасининг анъаналарига мос замонавий коллекцияларни кашф этиш билан бирга, ўзбек либосларининг бетимсол замонавий руҳдаги бежиримлиги ва қадимий анъаналарнинг узвийлигини таъминлайди. Шунингдек, дастурда Ўзбекистонда ва Европада энг машҳур ҳамда жозибадор кийимларни “Люкс” тизимли лойиҳалаштириш йўналишига алоҳида эътибор қаратилади.

 

Озода Бекмуродова, ЎзА