Қандолат маҳсулотлари импорти 40 фоизга камайди

Президентимиз “Амилов” қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикаси фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тошкент шаҳридаги собиқ “Лак-бўёқ” заводи ўрнида ташкил этилган “Амилов” фабрикаси жорий йил 5 октябрда ишга туширилди. Корхона майдони 32 гектар бўлиб, қурилиш-монтаж ишлари, ишлаб чиқариш ускуналари учун қарийб 80 миллион доллар сарфланди. Германия, Швейцария, Дания, Италия, Австрия ва Голландиядан технологиялар келтириб ўрнатилди. Натижада 850 га яқин иш ўрни яратилди.

Корхона йилига 50 минг тоннага яқин қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Бугунги кунда бу ерда шоколад, конфет, печенье, вафли каби 60 турдаги маҳсулот тайёрланмоқда.

Бундай ширинликлар шу пайтгача асосан импорт қилинарди. «Амилов» фабрикасида тайёрланаётган қандолат маҳсулотлари чет элникига нисбатан арзон ва сифатли бўлгани боис ички бозорни тез эгаллади. Натижада бундай маҳсулотлар импортини қирқ фоиз қисқартиришга эришилди. Қолақерса, корхона йилига 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишни режалаштирган.

Давлатимиз раҳбари фабриканинг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш, бундай корхоналарни кўпайтириб, рақобатни ривожлантириш, импорт бўлаётган бошқа маҳсулотларни ҳам маҳаллийлаштириш бўйича топшириқлар берди.

 

Умар Асроров, ЎзА