Японияда таҳсил: ўзбекистонлик ёшлар нималарни мақсад қилган?

Япониянинг “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш” (JDS) лойиҳаси 2018-2020 йилларда кунчиқар мамлакат олий ўқув юртларида магистратурада таҳсил оладиган ўзбекистонлик ёшларни саралаб олди. Куни кеча Тошкентда лойиҳанинг 15 совриндори билан учрашув бўлди. ЎзА мухбири тадбир қатнашчиларидан интервью олди.
48fa6be3-31e1-4488-8a5e-1c3bdb4939e5.jpgИто НОБУАКИ, 
Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Ўзбекистон – Япония ҳамкорлиги барча соҳада бўлгани каби фан-таълим йўналишида ҳам изчил ривожланиб бормоқда. “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш” (JDS) лойиҳаси мамлакатларимизнинг истиқболли кадрлар тайёрлаш тизимини шакллантиришда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ўтган вақт мобайнида мазкур дастур асосида 310 нафар ўзбекистонлик
ёш Японияда магистратура ва докторантурада таҳсил олиб қайтди.
Жорий йилда лойиҳа учун 2,4 миллион АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратилган. Шунга кўра Ўзбекистон Республикасининг қатор вазирлик ва идораларида меҳнат қилаётган 300 дан зиёд ёш кадр орасидан мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган 15 нафари танлаб олинди. Улар Японияда инфратузилмани ривожлантириш, давлат ва жамият бошқаруви, бизнес юритиш, тиббиётни ислоҳ қилиш каби қатор йўналишларда илғор тажрибани ўрганиб, халқаро талаблар асосида ўз билим ва малакасини ошириш имконига эга бўлди.
977ad2dd-9046-461b-a8c3-74ac15a77692.jpgГулноза ИБОДУЛЛАЕВА, 
«GM Powertrain-Uzbekistan» АЖ Коммуникация ва жамоатчилик билан ишлаш бўлими менежери:
– Шиддат билан ривожланиб бораётган бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқаришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорга рақобатбардош маҳсулот етказиб бериш учун, аввало, корхоналар фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш зарур. Шу боис биз, ёшлар олдига қўйилган асосий вазифа шаффофлик тизимини яратишда фаол иштирок этишдан иборат. Японидаги таҳсил давомида бошқарувда шаффофликка эришиш бўйича илмий изланиш олиб бормоқчиман. Мақсадим – юртимизда бўлаётган ижобий ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшиш.
 
c6fe6277-2fbe-47dc-87ab-191510bceff7.jpgКамолжон САИДОВ, 
Навоий иссиқлик электр станцияси дастурчи муҳандиси:
– Мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ёшларнинг замонавий билим олиши, малакали мутахассис бўлиб етишиши, истеъдодини тўла намоён этиши, жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим омил бўлмоқда. Мен ҳам ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланишга интиламан. Илғор технологиялар бугун ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида фаол қўлланилмоқда. Бу иш унумдорлигини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни муттасил ошириб боришнинг муҳим омили дейиш мумкин. Бугун юртимизда давлат ва жамият ҳаётини идора қилишда рақамли бошқарувга ўтилаётгани қувонарли. Ана шундай шароитда дастурлаш соҳасида билимли кадрларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Японияда таҳсил олиб, мамлакатимизда ахборот технологияларини бошқариш, техник хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш ниятидаман.
c7e9be6c-7a37-4802-8d05-0c41dc17e293.jpgЖамшид МАТЁҚУБОВ, 
Хоразм вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази шифокор-эпидемиолог:
– Ўзбекистон ёшларининг жаҳон стандартларига мос таҳсил олиши учун халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда. Мамлакатимизда кўплаб нуфузли хорижий университетлар филиаллари очилмоқда, тенгдошларимиз чет элдаги етакчи таълим муассасаларида билим ва тажриба оширмоқда. Японияда ОИВ инфексияси тарқалишининг олдини олиш бўйича докторлик диссертациямни ёқламоқчиман. Бунда JDS лойиҳаси бераётган имконият муҳим аҳамиятга эга.
 
9328f718-ae80-4f9b-b5b7-c7ca851b1528.jpgУмид НОРМУРОДОВ, 
Самарқанд вилояти ҳокимлиги бош мутахассиси:
– Бугун юртимизда статистика соҳасини ислоҳ қилишга зарурат бор. “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш” лойиҳаси доирасида диссертация ишимни “Ўзбекистон Республикасида норасмий секторлар фаолиятини ривожлантириш” мавзусида ёқлашга қарор қилдим. Бунда, албатта, Япония тажрибасини ўрганиш имконияти яратилганидан хурсандман.

 

ЎзА мухбири Дилобар Маматова ёзиб олди