Тест натижалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Фельдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 18:30 дан қайтариш бошланди. Сўнгги материаллар Фарғона водийсидан кечаси 2:30да етиб келади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ЎзА мухбирига маълум қилди.
Етиб келган тест натижалари бўйича дарҳол компьютер ёрдамида қайта ишлаш жараёни бошланади. Давлат тест марказининг ходимлари ташқарига чиқмасдан, телефон ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланмаган ҳамда тест материалларининг махфийлигини таъминлаган ҳолда тест материалларини қайта ишлайди.
Шу билан бирга, тест синовларининг 1-куни айрим ижтимоий тармоқларда гўёки тест саволларининг ташқарига чиқиб кетганлиги тўғрисидаги хабарлар тарқатилган. Ушбу ҳолатлар бўйича тегишли маълумотлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилди.
Шунингдек, айрим биноларда тест жараёнларини онлайн кузатиш учун қўйилган мониторлардаги тасвирларнинг узилиб қолиш ҳоллари ахборот технологиялари соҳасининг малакали мутахассислари томонидан зудлик билан бартараф этилди ва бундай ҳолатларга бошқа йўл қўймаслик чоралари кўрилди.
1 август тест натижалари 2 август куни куннинг иккинчи ярмида Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида эълон қилинади.
Республикада тест синовлари 1-15 август кунларига режалаштирилган ва ташкил қилинган тизим бўйича ишлар давом эттирилади.

 

ЎзА