Йигирма етти йилликнинг шиори – “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!”

Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма етти йиллиги “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилади. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 июнда “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан халқимизнинг асрий орзуси бўлган, Ватанимизнинг неча минг йиллик тарихида мутлақо янги саҳифа очган, мамлакатимизни халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантирган Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма етти йиллигини муносиб кутиб олиш ва нишонлаш мақсадида байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби тасдиқланди.
Республика комиссиясига бир ҳафта муддатда “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!”деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Мазкур дастур 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури билан уйғун ҳолда тайёрланади.

 

ЎзА