Мамлакатимизда Челябинск вилояти кунлари бўлиб ўтмоқда

Россия Федерациясининг Челябинск вилояти губернатори Б.Дубровский бошчилигидаги делегация аъзолари 16 май куни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.Ортиқхўжаев билан учрашди. 

Делегация аъзолари дастлаб Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб, нодир китоблар ва қўлёзмалар билан танишди. Меҳмонлар кутубхонада ёш китобхонларга яратилган шароитларни кўздан кечирар экан, бу борада ўзаро ҳамкорлик қилиш таклифини билдирди.

Маърифат марказида Челябинск вилояти губернатори ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчиси билан бўлиб ўтган учрашувда Челябинск ва Тошкент ўртасида дўстона муносабатларни юқори босқичга олиб чиқиш ва келгусидаги режалар хусусида сўз юритилди.

Музокарада икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий ва қурилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Б.Дубровский Тошкент шаҳри ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиб бораётгани, ўзаро ҳамкорликни қурилиш материаллари етказиб бериш ва Тошкент – Челябинск авиарейсини ташкил қилиш ҳисобига кенгайтириш икки томон учун ҳам манфаатли эканини таъкидлади.

t_file5467644829829693819.png

Ўзбекистон билан Россия Федерацияси ўртасида имзоланган шартномаларда ҳам бу борада келишувлар мавжуд бўлиб, Тошкент шаҳридаги бир қатор бунёдкорлик ишларида бу қўл келаётгани қайд этилди.

Россия Федерациясининг Челябинск вилояти делегацияси шу куни мамлакатимизнинг қатор компанияларида ҳам музокаралар ўтказди.

 

ЎзА