Ўзбекистонда профессор-ўқитувчиларнинг маоши оширилди

Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида қабул қилинган Президент қарорига кўра мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва 136 та илмий-тадқиқот институтлари илмий ходимларининг маоши оширилди. 

Қарор билан 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:

олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчиларининг – базавий лавозим маошлари миқдорлари ўртача 25 фоизга ва стажер-ўқитувчи ҳамда фан доктори илмий даражасига эга профессор иш ҳақининг миқдорлари ўртасидаги тафовут икки бараваргача;

илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ходимларининг – базавий лавозим маошлари миқдорлари ўртача 25 фоизга ва стажер-тадқиқотчи ҳамда фан доктори илмий даражасига ва профессор илмий унвонига эга бош илмий ходим иш ҳақининг миқдорлари ўртасидаги тафовут икки бараваргача оширилди.

Шунингдек, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:

базавий докторантурада таълим олаётган шахсларга — кичик илмий ходимнинг лавозим маоши базавий миқдорларига тенглаштирилган стипендиялар;

докторантурада таълим олаётган шахсларга – фан номзоди илмий даражасига ёки илмий унвонга эга бўлган етакчи илмий ходимнинг лавозим маоши базавий миқдорларига тенглаштирилган стипендиялар тўланади.

 

ЎзА